15:06 / 22.07.2021
11171

Маошдан воз кечган президент: Трамп Оқ уйда ўтказган тўрт йил давомида қандай қилиб 2,4 млрд долларга эга бўлди?

АҚШнинг 45-президенти Доналд Трамп йилига 400 минг долларлик президент маошидан воз кечганди. Аммо президентлик даврида 2,4 млрд доллар пул топди.

Фото: Forbes

Трампнинг бойлиги маош ҳисобига эмас, балки унинг воз кечишни истамаган бизнеси ҳисобига кўпайди, деб ёзади Forbes. Ҳужжатларга кўра, 2017 йил январдан 2020 йил декабргача Трампнинг даромади 2,4 млрд долларни ташкил этган.

Президентлик даврининг дастлабки уч йилида Трамп йилига 650 миллион долларга яқин пул ишлаган. Аммо 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли даромад 450 млн долларга пасайган. 

Трамп даромадининг асосий қисми унинг голф-клубларидан келган – тўрт йилда 940 млн долларга яқин. Бунинг 270 млн доллари Майамидаги Trump National Doral голф-курортига тўғри келади. Палм-Бичдаги Мар-а-Лаго клуби 90 млн, Ню-Жерси штатидаги голф-клуб 60 млн доллар атрофида даромад келтирган.

Бу пулларнинг барчаси ҳам Трампнинг чўнтагига тушмаган. Голф-клуб ва курорт бизнеси рентабеллиги 20 фоизни ташкил этади. Пандемия даврида улардан келадиган умумий даромад 27 фоизга камайиб, 2020 йилда 190 млн долларни ташкил этган.

Трампнинг бахтига, унинг кўчмас мулклари фойда келтирди. Трамп 30 фоиз активига эгалик қиладиган Сан-Францискодаги офис биноси ижара тўлови ўтган йили 42 млн доллардан 43 млн долларга кўтарилган. Нью-Йоркдаги 1290 Avenue of the Americas манзилида жойлашган уйдан ҳам Трамп 55 млн доллар ўрнига 58 млн доллар ишлаган.

Меҳмонхоналар эса унчалик ҳам фойда келтирмаган. 2017-2019 йилларда даромад 100 млн доллардан ортиқроқ бўлган, 2020 йилда эса 50 млн долларга тушиб кетган. 

Трамп 2017 йилда 32, 2018 йилда 53 ва 2019 йилда 32 млн долларга кўчмас мулк сотган. 2020 йилда эса Лас-Вегасдаги апартаментлардан атиги 435 минг доллар ишлаган.

Top