16:40 / 23.07.2021
14360

Пентагон АҚШ ҳарбийлари толибларга авиазарбалар берганини хабар қилди

Қайд этилишича, авиазарбалар АҚШ армияси марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Кеннет Маккензининг рухсати билан амалга оширилган.

Фото: imago

Америка ҳарбийлари Афғонистон армиясига ёрдам бериш учун толибларга қарши авиазарбалар берди. Бу ҳақда France 24 телеканали хабар қилмоқда.

"Сўнгги бир неча кун давомида Афғонистон миллий мудофаа кучларини қўллаб-қувватлаш учун ҳаводан зарбалар бердик. Биз авиазарбалар беришда давом этамиз", – деб маълум қилди Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.

Унинг қайд этишича, авиазарбалар АҚШ армияси марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Кеннет Маккензининг рухсати билан амалга оширилган.

"Қўшма Штатлар хавфсизликни таъминлаш учун келгусида ҳам Афғонистон хавфсизлик кучлари ва ҳукуматига ёрдам беришда давом этади", – деб қўшиб қўйди Кирби.

АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Миллининг сўзларига кўра, толиблар ҳозирда Афғонистондаги 400га яқин туманнинг ярмига яқинини назорат қилмоқда.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top