08:20 / 27.07.2021
18592

Иш берувчи эмланмаган ходимини ишга қўймаслик ҳуқуқига эга бўлиши мумкин 

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Партия хабарига кўра, қонун лойиҳасида «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонун 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда, бош давлат санитария врачи қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда. Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этса, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги кўзда тутилмоқда.

«Бунинг натижасида коронавирус инфекциясининг янги тўлқинлари олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади. Юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.

Бугун бу офатдан ҳимояланишнинг ягона йўли эмланиш экани эътироф этилаётган бўлса-да, фуқароларнинг вакциналарга бўлган ишончсизлиги оқибатида эмлашдан фақат 1 млн 27 минг киши ўтган, холос. Бу 18 ёшдан ошган аҳолининг 4,8 фоизини ташкил қилмоқда. Жамоавий иммунитетни шакллантириш учун эса аҳолининг 60-80 фоизи эмланиши талаб этилади», дейилади маълумотда.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллади.

Top