17:16 / 02.08.2021
8837

Вишванатан Ананд ўзбекистонликларни “Zakovat-Gambit” шахмат турнирида қатнашишга чақирди

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд “Zakovat-Gambit” шахмат турнирида иштирок этади. Мусобақа 10–15 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Ананд турнирда иштирок этиш ниятида бўлганларни рўйхатдан ўтишга чақирди.

“Тез орада Тошкентда катта шахмат турнири – “Zakovat-Gambit” бўлиб ўтади. Сиз ҳам рўйхатдан ўтинг ва иштирок этинг. Бу шахмат ўйнаш учун ажойиб имконият бўлади. Учрашувимизни сабрсизлик билан кутиб қоламан”, – дейди Ананд.

10–15 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Zakovat-Gambit” шахмат чемпионатининг мукофот фонди 610 миллион сўмни ташкил этади.

“Zakovat-Gambit” чемпионати меҳмонлари орасида шахмат бўйича жаҳон чемпионлари Вишванатан Ананд, Рустам Қосимжонов ва 2016 йилда ўйин сеансидаги партиялар сони бўйича шахмат жаҳон рекордини ўрнатган (48 ўйин) Тимур Гареев ҳам бор.

Шунингдек, 2018 йилда 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионати иккинчи ўрин совриндори ҳамда 2019 йилда жаҳоннинг энг яхши 30 шахматчиси қаторидан жой олган Гулрухбегим Тоҳиржонова қатнашади.

Тошкентдаги чемпионатда улар нафақат меҳмон бўлишади, балки иштирокчилар билан шахмат ўйнашади ва мастер-класслар ўтказадилар.

“Zakovat-Gambit”да ёши ва шахматдаги даражасидан қатъи назар, фақат Ўзбекистон фуқаролари қатнаша олади. Иштирок этиш учун аризалар gambit.zakovat.tv сайти орқали, 7 август соат 10:00га қадар қабул қилинади.

Ўйин шартлари батафсил gambit.zakovat.tv сайтида келтириб ўтилган.

Top