21:40 / 03.08.2021
9772

Германиялик пенсионер уйида танк сақлагани учун 250 минг евро жаримага тортилди

Германия суди уйида катта миқдорда қурол-аслаҳа ва ўқ-дори ҳамда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги “Пантера” танкини сақлаган 84 ёшли эркакка жазо ҳукми чиқарди. 

Фото: DPA

Мамлакат шимолида жойлашган Киль шаҳри суди пенсионерга 14 ойлик шартли қамоқ жазоси ва 250 минг евро жарима тайинлади.

Ушбу суммадан 50 минг евро давлат ғазнасига тўланади, қолгани эса хайрияга йўналтирилади.

Суд, шунингдек, исми ошкор қилинмаётган судланувчига 2 йил давомида 45 тонналик танк ва замбаракни музейга бериш ёки бирор коллекционерга сотиш мажбуриятини юклаган.

Пенсионер устидан суд жараёни шу йил май ойида бошланган. Унинг вилласи икки кун давомида тинтув қилинган. Уй ертўласида сақланган танкни ташқарига чиқариш учун 20 та аскар 9 соат уринган. Эркакнинг таъкидлашича, у танкни Англияда металлоломдан сотиб олган.

Top