11:32 / 18.08.2021
10481

2021 йилнинг дастлабки 7 ойида 937 нафар хорижлик аёл Ўзбекистонга келин бўлган – ДХА

Давлат хизматлари агентлиги 2021 йилнинг дастлабки 7 ойидаги никоҳ қайд этилиши ва туғилиш билан боғлиқ статистик маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, ФҲДЁ органлари томонидан 2021 йилнинг январ-июл ойларида Ўзбекистон фуқаролари ўртасида жами 143 минг 555та никоҳ қайд этилган. Энг кўп никоҳ Самарқанд вилоятида (16 минг 680та) ва энг кам никоҳ Сирдарё вилоятида (3 минг 667та) қайд қилинган.

Энг кўп қуда-андалик ришталарини боғлаган ҳудудлар сифатида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти келтирилган. Ушбу икки қўшни ҳудуд ўртасида жами 1517та никоҳ қайд этилган. Шунингдек, рўйхатда Сирдарё ва Жиззах аҳолиси ўртасида 519та, Самарқанд ва Жиззах аҳолиси ўртасида 460та никоҳ қайд этилган.

Ушбу даврда икки томон ҳам хориж фуқароси бўлган шахсларнинг жами 96та никоҳи қайд этилган, шундан энг кўп никоҳ Тошкент шаҳрида (16та) ва Сурхондарё вилоятида (13та) қайд қилинган.

Ўзбекистон ФҲДЁ органлари томонидан 2021 йилнинг январ-июл ойларида жами 2113 нафар Ўзбекистон фуқаролари билан чет эллик фуқаролар ўртасида никоҳ қайд қилиниб, шундан 1272 нафар ўзбекистонлик аёллар хорижлик эркакларга турмушга чиққан бўлса, 937 нафар хориж фуқаролари бўлган аёллар Ўзбекистонга келин бўлган.

“Энг кўп хорижлик куёвларимиз Россия Федерацияси, Туркия, Корея Республикаси, Америка Қўшма Штатлари фуқаролари бўлиб, энг кўп келинларимиз Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Грузия, Озарбойжон мамлакатлари фуқароларини ташкил этмоқда”, – дейилади Агентлик маълумотида.

Шунингдек, Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари томонидан 2021 йилнинг январ-июл ойларида ота-онаси хорижий мамлакат фуқароси бўлган жами 385та бола туғилиши қайд этилган. Бунда, энг кўп туғилиш Сурхондарё (70та) ва Қашқадарё (43та) вилоятларида қайд қилинган.

Top