19:27 / 19.08.2021
44029

«Толибон»нинг ҳокимиятга келиши омиллари, берилаётган ваъдалар ва Марказий Осиё — эксперт билан интервью

Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, БМТнинг Афғонистон масаласи бўйича резолюцияси қабул қилинишини кутиш ва шу бўйича иш олиб бориш айни пайтдаги ҳолатда Ўзбекистон манфаатларига кўпроқ мос келади.

Kun.uz Афғонистондаги сўнгги сиёсий ўзгаришлар бўйича сиёсатшунос, «Билимлар карвони» ННМ директори Фарҳод Толипов билан интервью уюштирди.

— Ҳозирда «Толибон» томонидан берилаётган ваъдалар қанчалик даражада бажарилади деб ўйлайсиз?

— Толиблар ҳокимиятни тўла эгаллай олмайди, чунки улар давлатни бошқариш дастурига эга эмас. Шу пайтга қадар улар фақат уруш олиб бориш билан шуғулланган. Давлатни қандай бошқаради, халқ талаблари ва эҳтиёжларини қандай қондиради, билмаймиз. Натижада улар доим халқнинг норозилигига учрайверади.

Улар куч билан ҳокимиятга келиши мумкин, аммо бу ҳокимиятни сақлаб қолиш учун етарли эмас. 90-йилларда улар ҳокимиятда бўлганида Шимолий Альянс ва «Толибон» орасида уруш бўлганини эслайлик. Агар толиблар зўравонлик билан тартиб ўрнатмоқчи бўлса, унда нафақат афғонистонликлар, балки халқаро ҳамжамият ҳам уларга қарши чиқади.

— «Толибон»нинг ҳокимиятга келишида Покистон қанчалик таъсир ўтказди?

— «Толибон» ҳаракати ҳокимият учун кураш олиб бормаётган, ҳали мужоҳидлар ҳаракати мавжуд бўлган пайтларда ҳам Покистоннинг таъсири ва роли жуда катта бўлган. «Толибон» – асли Покистон ҳудудида пайдо бўлган ва шаклланган ҳаракат. Кўпчилик экспертлар Покистон разведка хизматининг бевосита ва билвосита «Толибон»ни қўллаб-қувватлашини таъкидлашади. Тарихга назар ташласак ҳам, «Толибон» 90-йилларда ҳокимиятга келганда Покистон уларни биринчилардан бўлиб расмий давлат сифатида тан олган. Ўша даврдан бошлаб то бугунгача «Толибон»га Покистон ҳар томонлама ёрдам бериб келди. Шу сабаб кўпчилик «Толибон»нинг ҳокимиятни эгаллашини бевосита Покистоннинг ғалабаси сифатида эътироф этмоқда. Катта эҳтимол билан, келажакда ҳам толиблар ўзаро низо оқибатида бўлиниб кетмаслиги учун уларни Покистон ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

— АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари нега «Толибон»нинг ҳокимиятга келишига деярли қаршилик кўрсатмади? Буни қандай изоҳлаш мумкин?

— Аввало, шуни таъкидлаш керакки, биринчи ўринда собиқ расмий ҳукумат қуролли кучларининг ўзи «Толибон»га қаршилик кўрсатмади. Бу биз учун очиқ савол бўлиб қолмоқда. Чунки 20 йил давомида мамлакатда Ғарб давлатлари молиявий имкониятлари ва ҳарбий мутахассислари иштирокида ҳарбий тизим яратилганди. Уларнинг деярли қаршиликсиз таслим бўлиши ғайритабиий. Умуман, мағлубиятга учрашди деган термин ҳам вазиятга мос эмас. Уруш бўлганда қайсидир томон мағлубиятга учраши мумкин, афғон ҳарбийлари эса шунчаки таслим бўлишди. Ҳозирги кунда экспертларда бу ерда олдиндан қандайдир келишув бўлмаганмикан, деган шубҳалар пайдо бўлмоқда. Хўш, бу режа бўлса, бундан нима кўзланган эди, деган мавҳумлик бизни ўйлантиради.

— Қўшма Штатлар томонидан қолдириладиган сиёсий вакуум бошқа кучлар томонидан тўлдирилиши мумкинми? Толибларнинг ҳокимиятга келиши минтақадаги асосий ўйинчилар ҳисобланган Россия ва Хитой учун қанчалик аҳамиятли?

— Афғонистондаги АҚШ/НАТО кучлари тарк этганидан кейин вужудга келадиган вакуум салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, зўравонликнинг кучайиши сабаб тинч аҳоли вакилларининг жабрланиши ва трансмиллий радикал гуруҳлар фаолият юритиши мумкин бўлган кенг майдон пайдо бўлиши эҳтимоли.

Албатта, вакуум бор эканки, уни тўлдиришга ҳамиша куч топилади. Афғонистон ҳудуди ХIХ асрдан бошлаб буюк давлатларнинг геосиёсий рақобат майдони бўлиб келмоқда. Шу сабаб Афғонистоннинг «мавқейи» буюк давлатларнинг манфаатлари кесишган нуқта сифатида ўлчанади. Ҳозирги юзага келаётган бўшлиқ халқаро терроризм хавфи ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Россия ва Хитой ҳақида гапирадиган бўлсак, улар «Толибон» ҳали ҳокимиятни тўла эгалламаган пайтдаёқ улар билан турли музокаралар ўтказаётган эди. Кўп эҳтимол билан, яқин кунларда расмий равишда тан олишса ҳам керак. АҚШ томони ҳам бир неча йилдан бери Россияни «Толибон»ни молиявий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда айблаб келаётганди. Ўз навбатида ҳозирги вазиятдан Хитой ҳам, Россия ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади. Афғонистонда хаоснинг пайдо бўлиши Марказий Осиё давлатларининг жануб томонга силжишига ва савдо алоқаларини ривожлантиришга бўлган имкониятларни чеклайди. Бу Россия учун ўз савдо устунлигини мустаҳкамлаш ва сақлаб қолиш учун яхшигина имконият ҳам яратиши мумкин.

— Марказий Осиё давлатларида АҚШ ёки Россиянинг янги ҳарбий базалари очилиш эҳтимолини қандай баҳолайсиз?

— Бу жуда қизиқ савол. Бундан бир неча ой аввал ОАВда Афғонистондан олиб чиқилаётган АҚШ қўшинларининг бир қисми Тожикистон ёки Ўзбекистонда жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар ҳам тарқалди. Бундан кўзланган мақсад сифатида Афғонистонда вазият кескинлашиб кетса, ёрдам кўрсатиш кўзланганди. Бу миш-мишлар эса Россияда салбий реакцияларга сабаб бўлди. Рус ҳукумати АҚШ ҳарбий базаларининг Марказий Осиё мамлакатларига киришини ўзига нисбатан жиддий таҳдид сифатида қабул қилди. Агар бу эҳтимолий контингентлар фақат Афғонистондаги вазият юзасидан ва вақтинчалик шартнома асосида жойлаштирилса, Россиянинг ҳам манфаатларига зид бўлмасди. Айни пайтда бу саволни ўртага ташлаш учун балки кечдир, лекин муҳокама қилиб кўрса бўлади.

— Бевосита Ўзбекистон учун Афғонистондаги сўнгги воқеалар қандай таъсир ўтказади? Бу борада қайси позицияда турган маъқулроқ?

— Бевосита Ўзбекистоннинг Афғонистон билан 137 километрлик чегараси борлигини инобатга олсак, биз учун ҳам осон эмас. Бу қочоқларни қабул қилиш бўладими, уларга киришга рухсат бериш ёки рад этиш бўладими, «Толибон»ни бевосита тан олиш ёки тан олмасликми, барибир, ҳукумат учун буларнинг бари – бир синов. Ўзбекистон АҚШ, Россия ёки Хитой каби катта давлат эмас ва имкониятларимиз анча чекланган. Бу масала юзасидан БМТнинг резолюцияси қабул қилинишини кутиш ва шу бўйича иш олиб бориш айни пайтдаги ҳолатда Ўзбекистон манфаатларига кўпроқ мос келади. Кўпчилик ҳозир биринчи навбатда терроризм хавфи ва таҳдиди кучайиши мумкинлигидан ташвишга тушяпти.

Бошқа томондан олиб қаралса, «Толибон»нинг Афғонистонда ҳокимиятга келиши – мамлакатнинг ички иши, афғон халқининг танлови. Ўзбекистон учун аҳамиятли томони – Афғонистон ҳудудидан халқаро терроризм таҳдиди ва хавфи мавжудлигида. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонни тиклаш бўйича кўплаб ташаббусларни илгари сурди, эндиликда бир қанча иқтисодий лойиҳалар кечикиши эҳтимоли юқори. БМТ Хавфсизлик кенгаши толибларни 2003 йилда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган, шунинг учун уларни тан олиш ёки алоқа ўрнатиш – зиддиятли масала. Шу сабаб «Толибон»нинг бевосита Ўзбекистонга таъсири бўлгани сабаб шошилмаслик керак, деб ўйлайман. Бу борада шошмашошарлик билан иш кўриш керак эмас. Ҳаттоки, Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорлари Россия ва Хитой толибларни тан олиб, дипломатик алоқалар ўрнатса ҳам, Ўзбекистон шошилмаслиги керак.

— Келажакда Афғонистонда оптимистик тараққиёт бўлишига ишонасизми?

— Содда қилиб айтганда, йўқ, деб жавоб берган бўлардим. Бу кўп жиҳатдан вазиятнинг қандай тус олишига ҳам боғлиқ. Шахсан менда Афғонистон келажаги борасида пессимистик қараш бор.

Достон Аҳроров суҳбатлашди

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top