19:47 / 27.08.2021
11068

Ўзбекистонда коронавирус беморларининг 80 фоиздан ортиғида «дельта» штамми аниқланмоқда

Ўзбекистонда коронавирус штаммларининг энг хавфли «дельта» штамми энг кўп тарқалган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, тарқалиш бўйича коронавирусга чалинган беморларнинг 82 фоизида коронавируснинг «дельта» штамми учраган, бу бутун кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Иккинчи ва учинчи ўринларда «альфа» штамми 10,3 фоиз ва «20А» штамми 7,7 фоиз билан қайд этилган.

Марказ директори Шаҳлохон Турдиқулованинг айтишича, сўнгги ҳафталарда коронавируснинг «дельта» варианти умумий касалланишлар сонининг бешдан тўрт қисмида учраган.

«Ҳинд штамми» деб номланувчи вирус тури «Уҳан» ва «Британ» версияларига қараганда кўпинча касалликнинг оғир шаклларига олиб келиши хавотирга солади. Бу умуман эпидемиологик манзарани тубдан ўзгартиради. Афсуски, симптомсиз ҳолатлар камроқ учрамоқда ва инкубация даври қисқариб, соғлиқ учун жиддий оқибатлар хавфини кучайтиради.

Бироқ яхши янгиликлар ҳам бор: тадқиқотларимиз шуни тасдиқлайдики, ҳозирги вакциналар янги штаммларга қарши самарали. Эмланганлар камдан кам ҳолларда касалликка учраган тақдирда ҳам, инсон танасида вирус мутация қила олмаслиги сабабли COVID-19’ни енгил ўтказади. Буни 24 август куни олинган ZF-UZ-VAC2001 препарати синовларининг учинчи босқичи натижалари ҳам тасдиқлайди», деган у.

  • Расмий номи – SARS-CoV-2 Дельта-штамм бўлган бу тур бошқаларидан ўзининг хавфлиги билан ажралиб туради. Коронавируснинг бу штаммида янги хусусият – унинг инсон организмида антитаналардан «қоча олиш» қобилияти аниқланган эди.
Top