09:33 / 29.08.2021
2975

Чироқчида ўлдирилган шахснинг қариндошлари прокуратура уларни эшитмаётганини айтиб чиқишди. Вилоят ИИБ ҳолатга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида июнь ойида ўлдирилган шахснинг қариндошлари прокурор қабулига бориб можаро кўтаргани ҳақида видео тарқалган. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, жорий йил 27 август куни Чироқчи тумани «Тарағай» МФЙ ҳудудидаги мактабда туман 4-сектор раҳбари томонидан 25 август куни шу маҳаллада содир бўлган қотиллик юзасидан муҳокама йиғилиши ташкил этилган. Муҳокамада туман ИИБ бошлиғи ва мутасадди ташкилотлар ходимлари қатнашган. Унда прокуратура органлари ходимлари бўлмаган.

Қайд этилишича, 2021 йил 21 июнь куни «Лангар» МФЙда яшовчи Ж.Н. томонидан ўлдирилган А.Ж.нинг яқин қариндошлари олиб борилаётган тергов ҳаракатларидан норози бўлиб шу ерда бўлган мутасаддиларга мурожаат қилиш учун келишган.

Муносабатда ёзилишича, А.Ж.нинг ўлдирилиши юзасидан унинг қариндошлари келтираётган важлар вилоят прокуратураси томонидан 6 маротаба қабул қилинган. Тергов текширишлари давомида уларнинг важлари текширилиб, тасдиғини топмаган.

Таъкидланишича, А.Ж.нинг ўлими юзасидан Ж.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда Чироқчи туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят ишининг тергови вилоят прокурори томонидан назоратга олинган.

Top