14:49 / 30.08.2021
24296

«Сайловда Путинни шубҳасиз ютган бўлардим» – Навальнийнинг қамоқда берган интервьюсидан асосий парчалар

Евгений Фельдман / «Медуза»

Россиялик сиёсатчи Алексей Навальний айни дамда қамоқда бўлиб турибди. Путиннинг таъбири билан айтганда, сиёсий фаолияти учун эмас, фирибгарлиги учун қамоқда ўтирган, лекин ҳақиқатга тик боқиб қараса, рус ҳукуматининг асосий танқидчиси бўлгани учун қамалган Навальний АҚШнинг The New York Times газетаси томонидан юборилган саволларга 54 варақ қўлёзмада жавоб берди. Қуйида Навальнийнинг интервьюсидаги асосий фикрлар келтирилади.

Россияга қарши санкциялар ҳақида

«Бунақа санкциялардан фойда йўқ. Россияни ўмариб, халқини қашшоқ қилаётганларга қарши кескинроқ чора қўллаш керак. Путиннинг гангстерлар гуруҳидаги бирорта мулозим санкцияга учрамади. Уларнинг самолётлари, яхталари, ғарб банкларидаги миллиардлаб пуллари жойида турибди. Бу жуда ҳайратланарли ҳолат. Уч-тўрт кишига индивидуал санкциялар қўлланди, тўғри, улар одам ўлдиришга буйруқ берган, лекин бу полковник ва генераллар шунчаки ижрочилар. Ғарб коррупцияга қарши курашда янада кескинроқ бўлиши лозим. Илтимос, Путиннинг олигархларини «тадбиркор» деб аташни бас қилинг.

Қамоқхонадаги ҳолати ҳақида

Бизда ноодатий отряд ишлайди. Ҳаммаси мен тун-у кун назоратда бўлишим учун қилинган. Ҳар куни эрталаб соат 05:00 да тураман ва бир соат тинчгина китоб ўқийман. Бу куннинг мен энг яхши кўрадиган вақти. 06:00 да ҳамма туриши керак. Кейин мадҳияни тинглаймиз, бадантарбия қиламиз, ювиниб, соқолларимизни оламиз. Кейин нонушта, тонгги текширув, кейин қандайдир фильм кўрамиз. Соат 10:00 дан 12:00 гача бўш вақт. Аслида эса бу вақтда деярли ҳамма чой ичиш ёки бирор нима еб олиш учун ошхонада навбатга туради. Ёки бўлмаса бу вақтда кир ювиш мумкин. Бу вақтда ҳеч бўлмаса 15 дақиқа тўпланиб қолган хатларга вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Уларнинг ҳаммасига жавоб бериш имконсиз, лекин ўқиб чиқишга ҳаракат қиламан.

Кейин ишлайдиганларни ишга олиб кетишади, қолганлар ёки телевизорда маъруза эшитиши ёки стол ўйинларидан бирортасини ўйнаши мумкин. Соат 14:00 да тушлик, кейин кечки текширув, тозалаш, кейин бироз танаффус. Соат 18:00 да эса қамоқхонадаги асосий жараён – маҳбусни нормал инсонга, «ватанпарварга айлантириш» бошланади: биз улуғ ватан урушидаги ғалаба ёки спортчиларимиз қачондир америкаликларни қандай мағлуб этгани ҳақида фильм кўрамиз. Айнан шу вақтда қамоқхоналардаги ғояни яққол билиб олиш мумкин: келажак ва бугунги кун ўтмиш билан чапланади.

Соат 19:30 да кечки овқат, кейин яна маъруза, улар орасида қизиқарлилари ҳам бўлади. Шунақа режим. Кун бўйи тайинли иш қилмайсан, лекин чарчаб кроватга чўзилиб қоласан. Соат 22:00 да ухлашга ётамиз.

Қамоқхонадаги овқатлар

Шу ўринда ижтимоий тармоқларнинг кучига қойил қолиш керак. Олдин овқатлар жуда расво эди. Лекин икки марта интернетда бу ҳақда ёзганимдан кейин вазият бироз яхшиланди. Емак менюсидаги асосий бўлим – бўтқа. Агар кимдир ташқаридан сизга пул берган бўлса, қамоқхонада ҳам емак сотиб олиш мумкин.

Бу ерда маҳбусларнинг ижодкорлигига қойил қолиш мумкин. Қўлида нон, қайнаган сув, лапша ва консервадан бошқа ҳеч нарсаси йўқ одам ҳам ошпазлик маҳоратини кўрсатиб кетиши мумкин. Ташқаридан нимадир келганда эса ҳатто микротўлқинли печ ҳам топилади ва овқат базми бошланади. Бундай вақтларда «Қойилмақом йигитлар» фильмидаги мафия оталари қамоқхонада паста тайёрлаганини эслайман. Бизда унақа ажойиб шокосалар йўқ, паста ҳам тақиқланган, лекин барибир нолимаймиз.

Қамоқхонадаги зўравонлик ҳақида

Олдинлари мен ётган қамоқхона одамларни уришгани билан танилган, лекин ҳозир бундай эмас. Энди янги зўрлаш усулини топишган: руҳий босим ўтказиш усули. Бу ерда шунчалик провокация қилишадики, сен кимнидир уриб юборишинг ҳеч гап эмас. Кейин назорат камералари ишга тушади ва сенга нисбатан зўравонлик айблови қўйилади. Бу ерда асосийси провокацияга учмаслик. Бошида қийналгандим, лекин ҳозир анча хотиржам бўлиб қолдим.

Ўлиб кетиш хавфи ҳақида

Бир латифада айтилганидек, 50 фоиз ёки ўлдиришади ёки ўлдиришмайди. Мени ўлдириш ғояси ҳамон борми, йўқми тахмин қилиш қийин. Чунки Путин руҳий соғлом одам эмас. Биз ақлдан озган подшоҳ замонида яшаяпмиз. Ҳаётим американча бўсага ўхшайди. Кеча душман бўлсам, бугун тинч қўйишади, эртага эса яна душманга айланиб қолишим мумкин. Путиннинг ҳамма тизимида палапартишлик (бардак). Унинг одамлари ҳатто қўлларида ҳамма имконият бўлатуриб мени ўлдиришнинг уддасидан чиқишмади.

Сайловда ғалаба қозониши ҳақида

Бу саволга ҳеч иккиланмай жавоб бераман: ҳа. Улар ҳаммани сайловдан четлаштираётганига қаранг, чунки қўрқишади. Сайловда қатнашганимизда, пулсиз ва ресурссиз ҳам «Единая Россия»ни янчиб ташлардик. Кимсан Путинни ҳам мағлуб этармидим? Ҳа, шубҳасиз. У бирор марта дебатда иштирок этмаган одам бўлса. Чунки тайёрланмаган саволдан қўрқади.

«Ақлли сайлов» ҳақида

Сайловлар кулгили ҳодисага айланиб бораётганига қарамай, уларда қатнашишга чақирамиз. «Ақлли овоз бериш» усули ҳамма ерда, айниқса катта шаҳарларда шундай қийин шароитда ҳам иш бериши мумкин. Йўқ, мен яхши номзодларни танлаш ҳақида гапирмаяпман (уларнинг барчаси четлаштирилган), шунчаки биз Кремль танламаган одамларга овоз беришимиз мумкин. Бу сайловчиларнинг танлови бўлади, Путиннинг эмас.

Ўз рейтингининг тушиши ҳақида

Рейтинг тушиши табиий ҳолат. Мен бир неча ойдан бери экранларда кўринмаяпман. Изоляция қилинган сиёсатчи тилдан қолади. Путин қайсидир маънода ўз мақсадига эришиб, рейтингини кўтариб олди, лекин бунга авторитаризм йўли билан эришди. Узоқ манзилни кўзлаб гапирганда эса у мамлакат ва халққа зарба берди. Улар буни унутишмайди.

Ўз тарафдорларининг келажаги ҳақида

Биз омон қоламиз, ривожланамиз ва янада кучли бўламиз. Ҳа, сиёсат билан шуғулланиш борган сари хавфли тус оляпти, лекин рус мухолифати фақат мен сабаб мавжуд эмас, мамлакатнинг 30 фоизи, ўқимишли шаҳарликлар сиёсий бетараф. Айнан улар келажакда мамлакат сиёсатини белгилаб беришига шубҳа қилмайман. Биз эса ҳозирча ривожланиш ва қандай ишлаш бўйича бош қотиряпмиз.

Top