11:06 / 02.09.2021
9366

ИИББ устунлардаги байроқларни ечиб олган фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини маълум қилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги устунларга ўрнатилган давлат байроғини ўзбошимчалик билан ечиб олиб, машиналарига ўрнатаётган шахсларга нисбатан ички ишлар органлари ходимлари чора кўраётгани акс этган видеолар тарқалди. Пойтахт ИИББ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 2021 йил 1 сентябрь куни пойтахтнинг бир нечта туманида транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчилари байрам муносабати билан ҳокимият томонидан ўрнатилган давлат байроқларини ўзбошимчалик билан ечиб олган. Улар ушбу байроқларни ўзларининг автомашинасига ўрнатиб, байрамни нишонламоқчи бўлган. 

“Бироқ, байроқлар транспорт воситасига мустаҳкамлаб ўрнатилмаган, транспорт воситасидан ташқарига чиқиб туриши эса автомашинада ҳаракатланиш чоғида ноқулайликлар туғдириб, ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солган. Шунингдек, ушбу ҳолатлар фуқаролар томонидан давлат рамзлари ва давлат мулки тўғрисидаги қонун талабларининг бузилишига олиб келган”, дейилади маълумотда.

Билдирилишича, бу каби ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддасига кўра (“Давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш”) маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

“Ватанпарварлик ўз ватанингиз қонунларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлишда намоён этилмаслиги керак. Ватанпарварликни қонунларга риоя этган ҳолда намоён қилинг”, дейилади ИИББ хабарида.

Top