09:01 / 07.09.2021
71822

«Шоушенкдан қочиш» каби. Олти фаластинлик Исроил қамоқхонасидан қошиқ билан тоннел қазиб қочди

Исроилда ноодатий воқеа содир бўлди. «Шоушенкдан қочиш» фильмидан илҳомланган олти нафар фаластинлик Исроил қамоқхонасидан камерани қазиб қочди.

6 сентябрга ўтар кечаси Исроил полицияси, «Шин-Бет» хавфсизлик кучлари, чегарачилар ва армия махсус отрядлари оёққа турди. Чунки мамлакатдаги энг жиддий қўриқланадиган ва «сейф» номини олган «Гильбоа» қамоқхонасидан 6 нафар маҳбус қочганди. Улар қамоқхона камерасидан тоннел қазиб, қочиб кетишган.

Камерадан қазилган тоннел қамоқхона деворидан унча узоқ бўлмаган даладан чиққан. Бир одам сиғадиган кенгликда бўлган махфий йўлни қамоқдан қочган 6 нафар фаластинлик занглаган қошиқ ёрдамида қазигани айтилмоқда. Улар қошиқни назоратчилардан плакат орқали яширишган (худди «Шоушенкдан қочиш» фильмидаги қаҳрамон тоннелни плакат билан яширгани каби). Маҳбуслар соат 03:30 атрофида қочиб кетган. Уларни тонг саҳар ерини суғораётган деҳқон кўриб қолиб, полицияга мурожаат қилади. Шундан кейин қамоқхонадагилар маҳбуслар қочиб кетганини билиб қолишади.

Маълум бўлишича, қочганлар орасида Фаластин озодлиги ҳаракатининг «Ал Ақсо мужоҳидлари бригадаси» қаноти дала қўмондони Закариё Зубайдий ҳам бўлган. Қочганларнинг барчаси битта камерада бўлган ва улар йўқлигини саҳар соат 04:00 да билиб қолишган.

Зубайдий ва одамлари қамоқхона камерасидаги унитазни олиб, пастини тешиб, умумий дренаж тизимига тушиб олишган ва қўлбола ҳисоб-китоблар ёрдамида далага чиқадиган йўлни топиб, камида икки ой давомида тоннел қазиган.

«Гильбоа» қамоқхонаси

Ҳозирда Фаластин билан чегара ёпилган, Ғарбий Соҳилга олиб борадиган барча йўллар ёпиб қўйилган.

Дастлабки текширувларга кўра қамоқдан қочган фаластинликларни чиққан жойи яқинида машина кутиб турган. Ташқаридагилар эса қамоқхонага ноқонуний олиб кирилган телефон ёрдамида бохабар қилинган бўлиши мумкин. Қамоқхона назоратчилари маҳбуслар камера остидаги бетонни қандай тешиб ўтганини ҳамон тушунмаяпти. Қамоқхона раҳбарияти бу қочишни шармандали ҳолат деб атаган.

Қочиб кетган барча фаластинликлар бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Қочганлар ичида энг машҳури Закариё Зубайдий фаластинликлар орасида қаҳрамондек қабул қилинади. У 2000-2005 йилларда давом этган, Исроилга қарши амалга оширилган Фаластинни озод қилиш ҳаракатининг рамзидир. Зубайдий 2007 йилда қидирувга берилган ва 2019 йилда қўлга олинган. Қолган 5 фаластинлик ҳам Зубайдийнинг одамлари бўлган.

Исроил Фаластин билан чегарада жиддий назорат ўрнатиш билан бирга Иордания билан чегарада ҳам назоратни кучайтирган. Чунки қочганлар Иордания орқали мамлакатни тарк этиши ҳам истисно қилинмаяпти. Айниқса, Зубайдий туғилиб ўсган Женин шаҳрига олиб борадиган йўлда назорат кучайган. Бутун мамлакат бўйлаб қўшимча 82 та назорат пункти пайдо бўлган.

Исроил бош вазири Нафтали Беннет мамлакат ички хавфсизлик вазири билан суҳбатда қочган фаластинликларни топиш учун барча ишлар қилиниши кераклигини айтган.

Фаластинда Исроил қамоқхонасидан қочганларни қаҳрамонлар деб аташмоқда. ҲАМАС буни «буюк ғалаба» деб атаган: «Бу жангчиларимизнинг иродасини қамоқхона ҳам синдира олмаслигини исботловчи буюк ғалаба», деб ҲАМАСнинг сўзларини келтирган ВВС.

Al Jazeera қамоқхона олдидан тезкор репортаж тайёрлади. Унда айтилишича, бу қамоқхонадан 2014 йилда ҳам қочмоқчи бўлишган, лекин улар қўлга тушган. Шунингдек, айни дамда қамоқхонада бўлиб турган бошқа фаластинликлар жиддий суҳбатдан ўтказилаётгани маълум. Телеканал Фаластинда ҳам бўлиб репортаж тайёрлаган. Кадрларда ҲАМАС вакиллари «буюк ғалаба» шарафига лозунглар кўтаргани ва одамларга ширинлик тарқатаётганини кўриш мумкин. Микрофон тутилган фаластинликларнинг барчаси Исроил қамоқхонасидан қочганлар уларда ғурур туйғусини уйғотганини айтган.

Ҳозирда Исроил махсус кучлари маҳбуслар қочган камера ва улар қочган йўлакни, шунингдек, қамоқхона назоратчиларини, уларнинг телефонларини текширмоқда.

Top