16:28 / 09.09.2021
10579

Таълим-тарбия – барча ислоҳотлар занжирининг энг муҳим ҳалқаси

Халқимиз азалдан илмли, маърифатли кишиларни қадрлаган, илм аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Шундан бўлса керак, халқ орасида “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни” деган нақл кенг тарқалган. Шунинг учун ҳам муқаддас динимизда илм-маърифат доимо улуғланиб келган. Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ” китобида “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деб илмга урғу бериб ўтганлиги бежиз эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев барча маърузаларида илм-фан, инновация, шижоат ва ташаббускорлик хусусида такрор ва такрор таъкидлайди. Дарвоқе, таълим-тарбия узлуксиз жараён бўлиб, ушбу жараёнда ҳеч қачон танаффус бўлмайди. Ва шу ўринда таълим ва тарбия юксак масъулият талаб этадиган жараёндир. Шунинг учун ҳам таълим ва тарбия ижтимоий ислоҳотлар занжиридаги энг муҳим ҳалқа ҳисобланади.

 

Бугунги давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди – дейилади 2017 йил қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида.

Кейинги беш йилда давлат раҳбарининг аҳолини, қолаверса, ёшларни илм-фанга чуқур йўналтиришга қаратилган ташаббуслари самараси ўлароқ юртимизда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим тизимида ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятида “портлаш эффекти” даражаси юз бераётганини кузатиш мумкин. Ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, компьютер саводхонлиги, касб-ҳунар эгаллашга қаратилган янгича ёндашув, ўз билим ва кўникмаларини халқаро майдонда муносиб намойиш этишга қодир фарзандларимиз кун сайин кўпаяётгани ҳар қандай ватанпарвар кишининг қалбида ифтихор туйғуларини уйғотмасдан қолмайди.

Бугун нафақат ёшлар, бутун бошли аҳоли глобаллашувнинг шиддатли даврини ўз бошидан кечирмоқдаки, бундай таҳликали даврда миллат, мамлакат, генофонд, керак бўлса, маънавият хавфсизлиги борасида ҳар бир фуқародан юксак масъулият талаб этилади. Айни дамда мамлакатимизда ёш авлод тарбияси, уларни баркамол шахс бўлиб вояга етказиш масаласи давлат сиёсати даражасидаги энг муҳим масалалардан бири сифатида қаралаётгани мамлакатимизнинг дунё миқёсидаги халқаро кўрсаткичлардаги мавқейини янада кўтарилишига туртки бўлмоқда.

Мамлакатимизда илм-фан ривожига қаратилаётган эътиборнинг қуйидаги натижаларини кўрсатиб ўтиш жоиз:

биринчидан, ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди;

иккинчидан, 3 ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси босқичма-босқич ошириб борилмоқда;

учинчидан, умумтаълим мактабларининг ўқитиш тизимидаги самарадорликни оширишга қаратилган ислоҳотлар, жамиятда мактаб ўқитувчилари мавқейини кўтаришга қаратилган ислоҳотлар, иқтидорли болалар учун махсус фанларга ихтисослаштирилган мактабларнинг кўпаяётганлиги, мактаблардаги шарт-шароитлар энг илғор мамлакатлар мактабларидан қолишмаслиги, билимга чанқоқ ёшларнинг сони кун сайин ошиб бораётгани;

тўртинчидан, олий таълимда университетларга қабул квоталари оширилди, маҳаллий ва хорижий ОТМлар филиаллари очилаётгани, қабул жараёнларидаги абитуриентларга яратилаётган кенг имкониятлар, таълим тизимини коррупциясиз соҳага айлантиришга қаратилган ислоҳотлар;

бешинчидан, инновацион грантларга ажратилаётган маблағларнинг кескин оширилиши, ёш олимларни хорижнинг етакчи ОТМларига илмий тадқиқот ишларини давом эттиришга қаратилган ислоҳотлар.

Мазкур ислоҳотлар таъкидини яна узоқ давом эттириш мумкин. Бинобарин, мазкур ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда ва истиқболда ҳам беради, деб айтишга тўла асослар бор.

Шу йилнинг 9 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида ЎзЛиДеП Қурултойи ўтказилди. Унда давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон – инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатдир” мавзуида нутқ сўзлади. Президент таълим соҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолишига алоҳида урғу бериб ўтди. Унга кўра келгусида мактабгача таълим муассасаларига болаларимизни қамраб олиш даражаси 80 фоизга оширилиши, яна янгидан 7000 та боғча ташкил этилиши таъкидланди. “Бундан кўзланган асосий мақсадимиз, – деди давлат раҳбари, - етти ёшгача бўлган бирорта ҳам фарзандимиз, мактабга чиққунга қадар эътиборсиз ва билимсиз қолмаслиги керак”. Шу билан бир қаторда келгуси беш йилда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш учун мактабларни реконструкция қилиш ва янгидан барпо этиш назарда тутилмоқда.

Гап модомики таълим ҳақида борар экан, шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда хусусий ОТМлар сонини 2026 йилга қадар яна 50 тага етказиш кўзда тутилди. Шунингдек, ОТМларга қабул квоталарнинг оширилиши талабалар турар жойига бўлган эҳтиёжни кучайтиради. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари келгусида 100 минг талабага мўлжалланган ётоқхоналар барпо этилишини таъкидлаб ўтди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида айтиш мумкинки, мамлакатимиз илм-фанни қўллаб-қувватлаш бўйича дунё рейтингида муносиб ўрин эгаллашни тобора қатъий таъминлаб бормоқда. Ватанимизни — халқаро экспертлар фикрича, “Бугун Ўзбекистон комплекс ислоҳотлар ўлкаси, бунёдкорлик жўш урган диёр” деган хулосалари кишини қувонтиради. Зеро, илмга, фан ривожига яратилаётган имкониятлар ҳеч шубҳасиз, маърифатга кенг йўл очади. Жамиятнинг илмли, маърифатли жамият бўлиши йўлидаги ислоҳотлар эса ўз ўрнида мамлакат юксак тараққиётга эришишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Жуманиёз Раматов,

Тошкент давлат транспорт университети профессори (Т)

Top