23:14 / 12.09.2021
53013

Толиблардан - толибларгача. 11 сентябрь ва АҚШнинг халқаро терроризмга қарши урушлари тарихи

11 сентябрь терактлари қарийб уч минг кишини ҳаётдан олиб кетади. Бунга жавобан Қўшма Штатлар халқаро терроризмга уруш эълон қилади — бу уруш йигирма йил давом этди. Ҳарбий ҳаракатлар чоғида коалиция ҳарбийларидан 8 мингдан ортиқ киши, Афғонистон, Ироқ ва бошқа мамлакатда юз минглаб тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлди.

Ғалаба учун кураш бутун сайёрада демократик ғояларни ёйишни ўз миссияси деб билган, Ғарб дунёси етакчиси бўлмиш АҚШнинг тўрт президенти даврида давом этди. Йигирма йил ўтиб Америка бу урушлардан чарчади. BBC муаллифлари Американинг террорга қарши уруши тарихини ҳикоя қилишади.

9/11

2001 йил 11 сентябрда АҚШ президенти кичик Жорж Буш Оқ уйдан бир ярим минг километр масофада эди. Флорида штатининг Сарасота шаҳарчасидаги бошланғич синф ўқувчилари, ўқитувчилар ва матбуот вакиллари даврасида у таълим бўйича ислоҳоти ҳақида гапирарди.

Буш мактабга энди борган вақтда мудҳиш воқеа ҳақида хабар беришади: унга дастлаб Нью-Йоркда кичик винтли самолёт Жаҳон савдо марказига урилгани ҳақида айтишади. Қўшимча тафсилотлардан хабардор бўлмаган Буш синфхонага кириб, ўқувчилар билан саломлашади ва стулга ўтириб, болаларнинг ифодали ўқиш машқларини эшитишга тайёрланади.

Президент маъмурияти раҳбари Эндрю Кард эшик олдида туриб Бушга иккинчи минорага ҳам зарба берилгани ҳақида қандай хабар бериш ҳақида ўйларди: энди бу кичик самолётлар эмас, балки «Боинг» экани маълум бўлиб улгурганди.

Камералар президентга қаратилади, Кард сўзларни эҳтиёткорлик билан танлаш кераклигини англайди. У парталар орасидан ўтиб, президентга эгилади ва унинг қулоғига шипшийди: «Иккинчи самолёт иккинчи минорага келиб урилди. Америкага ҳужум қилишди».

«Бир лаҳзада президентнинг юз ифодаси ўзгаради. Мен унга қарадим ва нимадир ёмон иш бўлганини англадим», — дея хотирлайди кўп йиллар ўтиб ўша синфхонада бўлган қизчалардан бири.

Аммо кейинги етти дақиқа давомида президент Буш стулда ҳаракатсиз ўтиради ва болаларни тинглайди, бир неча саволларга жавоб қайтаради, сўнг узр сўраган ҳолда хонадан чиқади. Оқ қоғозга бир неча сатрлар ёзгач, Буш болалар ва журналистлар қаршисига қайтади. «Терроризмда бизга қарши курашда имкон йўқ», — дейди у.

Президент лимузинга чиқади ва уни биринчи рақамли бортга олиб боришади.

Ўша куни террорчилар тўрт самолётни олиб қочишганди. Улардан иккитаси Жаҳон савдо маркази биноларига урилган, яна бири — Вашингтон яқинидаги Пентагонга ҳужум қилган. Тўртинчи самолёт экипажи ва йўловчилари эса террорчиларга қаршилик кўрсатишга ва самолёт бошқарувини улардан олишга уринишади. Бу самолёт нишонга ета олмасдан (кўп эҳтимол билан у Вашингтондаги Оқ уй ёки Капитолийга бориши керак эди), Пенсильванияда бўш дала майдонига қулайди. Шу куни жами 2977 киши ҳалок бўлади.

«2001 йил 11 сентябрида биз ўзимизга ҳаддан ташқари бино қўйиб юборганимизни чуқур англаб етдик. Устимизга оловли булут, металл ва кул ёпирилган ўша қуёшли кун минглаб кишиларимизни ҳаётдан олиб кетди. Бу уруш бошқача эди. Бизнинг соҳилларимизга армия келтирилмаган, нишон бизнинг ҳарбийлар эмасди. Бунинг ўрнига имкон қадар кўпроқ тинч аҳоли вакилларини ўлдириш мақсадидаги террорчилар келишди», — дея кейинроқ ўша кунни таърифлайди АҚШнинг 44-президенти Барак Обама.

«Доимий қўрқув даври келганди — ҳеч ким яна ҳужумлар бўлмаслигини кафолатлай олмасди. Барча шокда эди. Одамлар аввалига бу терактлар ортида ким турганини билишмасди», дея эслайди АҚШнинг собиқ Давлат котиби Роуз Геттемюллер.

Ўша куни кечқурун Буш эълон қилади: Оқ уйнинг ишончи комил, АҚШга ҳужум ортида «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи раҳбари Усама бин Лодин турибди.

«Бизнинг терроризмга қарши урушимиз «Ал-Қоида» билан бошланади, аммо бу билан тугамайди. Барча халқаро террорчилик гуруҳлари аниқланиб, тўхтатилиб, мағлуб этилмагунча бу уруш тугамайди», дейди Буш 20 сентябрь куни Конгрессдаги чиқишида. Сенаторлар ва Вакиллар Палатаси аъзолари президентни олқишлашади.

Америка халқи ҳам Бушнинг урушга кириш тўғрисидаги қарорини сўзсиз қўллаб-қувватлайди. Президентнинг Конгрессдаги чиқишини жонли эфир орқали барча телетомошабинларнинг 79 фоизи кузатиб туради. Бушнинг рейтинги саноқли дақиқалар ичида мамлакатни Буюк инқироз ва Иккинчи жаҳон урушидан олиб ўтган Франклин Рузвельтдан кейинги барча президентларникидан ошиб кетади.

Афғонистон. Урушнинг бошланиши

11 сентябрь терактларига икки кун вақт қолганида афғон дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуд интервью беришга ҳозирланаётганди.

Учрашувга журналистлар қиёфасидаги икки худкуш террорчи келади. Улар портловчи қурилмани видеокамерага яширишганди.

Масъуд оғир тан жароҳати олади — у бир кун ўтиб Душанбедаги шифохонада вафот этади. Маълумотларга кўра, ушбу дала қўмондони Америка махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилгани учун ўша вақтда Афғонистонда яширинган Усама бин Лодиннинг буйруғига кўра ўлдирилган.

Ҳудуди бўйича Американинг Техас штатига тенг бўлган Афғонистон йигирма йилдан буён фуқаролик уруши гирдобида эди. Бу вақтга келиб «Толибон» ҳаракати мамлакатнинг 90 фоиз ҳудудини эгаллаб олган, унга шимолда турли кучлар бўйсунмаган, ҳаракатнинг асосий рақиби Масъуд раҳбарлигидаги Шимолий альянс ҳисобланарди.

«Мен кўп бор Афғонистонда бўлганман ва мени мамлакатнинг бепоён ҳудуди, ўтиш қийин бўлган тоғлар ҳамда қаршилик кучларининг умумий мақсад сари қийинчиликларни енгиб ўтиши ҳайратга солган», дея эслайди НАТО кучларининг собиқ бош қўмондони,  адмирал Жеймс Ставридис.

«Ал-Қоида» толиблар назоратидаги ҳудудларда ўзини хавфсиз сезар, бин Лодиннинг одамлари бу ерларда террорчилар учун машғулот лагерлари очиб, сафларига янги тарафдорларни ёллашарди. 11 сентябрдан кейин кичик Жорж Бушнинг танлаган позицияси аниқ эди: биз билан бирга бўлмаганлар, террорчилар тарафида бўлади. У толибларга ультиматум қўяди — улар ёки бин Лодинни топшириши керак, ёки АҚШ уларни душман сифатида кўради. Толиблар таклифни рад этишади.

«Америкаликлар 11 сентябрь ҳужумлари ортида ким турганини билишгач, президент Бушни ва унинг уруш бошлаш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлайди. Мен ҳам бу ёвузликни тугатиш учун бор имкониятларни ишга солиш тарафдори эдим», дея ҳикоя қилади Роуз Геттемюллер.

2001 йил октябрида Америка ўз тарихидаги энг узоқ вақт давом этган урушга киради.

«Тушуниш керакки, АҚШ террорчилар томонидан кенг миқёсли ҳужумга учраганди, бу террорчилар машғулотлар ўтказиши учун бошқа бир давлат ўз ҳудудидан жой берганди. Агар биз жавоб қайтармаганимизда, бизга яна ҳужум қилган бўлишарди», — дея ишонч билан гапиради адмирал Жеймс Ставридис.

Ҳарбий амалиёт муваффақиятли кечади: ноябрь ойи бошидаёқ толиблар Кобулни жангсиз ташлаб чиқишади, ой охирига бориб уларнинг назоратида фақат бир йирик шаҳар қолганди.

Бундан ташқари, АҚШ «террор билан уруш» доирасида «Ал-Қоида» ва унинг иттифоқчиларига қарши Африканинг ўнлаб давлатлари Филиппин ҳудудида кўплаб ҳарбий амалиётлар ўтказади.

Ўшанда террорчи гуруҳларга қарши ҳарбий ҳаракатлар Америка аҳолисининг 90 фоизи томонидан маъқулланган.

Бин Лодин қаерда?

2002 йил йил март. Жорж Буш Оқ уйдаги матбуот марказидаги пюпитр (минбар) ортида турарди.

— Жаноб президент, — қўл кўтаради журналистлардан бири. — Ҳозир сиз чиқишингизда Усама бин Лодин номини деярли тилга олмадингиз. Нима учун? Бундан ташқари, америкаликларнинг шу саволига жавоб бера оласизми: у тирикми ёки ўлган?

— Билганим шуки, бу одам қочиб юрибди, агар у тирик бўлса, албатта. Аниқ айтиб бўлмайди, у қайси ғорда яширинган. Биз анчадан буён у ҳақда ҳеч нарса эшитмадик. Аммо сиз эътиборингизни бир одамга қаратганингиз одамлар миссия кўламини тўлиқ тушунмаслигини англатмоқда. Шундай экан, мен у қаердалигини билмайман. Очиғини айтганда, мен бу борада кўп қайғурмайман. Мен аскарлар таъминоти яхши бўлиши ҳақида ўйлайман - стратегиямиз аниқ, коалиция эса кучли бўлиши учун.

Урушнинг дастлабки босқичидаги улкан муваффақиятларга қарамай, америкаликлар бин Лодинни тута олишмайди.

2001 йил охирида Америка қўмондонлиги бор эътиборини Афғонистон жануби-шарқидаги Тора-Бора тоғларига қаратишади. Толиблар назоратидаги ҳудуд ғорларида «Ал-Қоида» аъзолари яширинганди.

Бир неча йил ўтиб Афғонистондаги Америка ҳарбийлари қўмондони, генерал Томми Фрэнкс тан олади: «Биз шу вақтгача 2001 йил декабрда бин Лодин чиндан ҳам Тора-Борада бўлганми-йўқми, билмаймиз. Разведканинг бир манбаси у шу ердалигини айтган, бошқаси у Покистонга қочгани ҳақида гапирган. Тора-Бора «Толибон» ва «Ал-Қоида» жангарилари билан тўлиб тошганди, аммо ҳеч қачон бин Лодинга яқинлаша олмаганмиз».

Аммо унинг охирги гапи тўғри бўлиб чиқмади. 2009 йилда АҚШ Сенатининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси Тора-Борага ҳужум бўйича текширувни якунлади. Маълум бўлишича, Пентагоннинг ўша вақтдаги раҳбари Дональд Рамсфельд ва генерал Томми Фрэнкс биринчи рақамли террорчини ғорлар комплексидан қидириш учун жуда кам одам ажратган, шу туфайли Тора-Борадаги ҳарбий ҳаракатлар арафасида ушбу ҳудудда бўлган бин Лодин қочиб кетишга муваффақ бўлган, натижада Афғонистонда уруш тугамаган.

Бу АҚШнинг «Ал-Қоида» билан уруши тарихидаги энг катта муваффақиятсизлик бўлади.

«Ортга назар ташлаб, Афғонистондан амалиётнинг биринчи йилидан кейиноқ чиқиб кетишимиз керак бўлгани ва Ироққа киришимиз керак бўлмагани ҳақида ўйлайман. Мен бу гапларни айнан бугунги кун позициясидан туриб айтмоқдаман. Ўшанда — 2002-2003 йилларда мен бригада қўмондони эдим. Бизнинг олдимизга вазифа қўйилганди. Мен билганим, кўрганим, ишонганимга асосланган ҳолда тўғри иш тутяпмиз деб ўйлаганман», дея ҳисоблайди америкалик генерал Бен Ҳоджес. У Барак Обама президентлиги даврида Афғонистондаги халқаро коалиция амалиётларини бошқарган.

Усама бин Лодин ўз-ўзидан америкаликларнинг асосий душмани бўлиб қолаверарди, аммо 2002 йилнинг биринчи ярмига келиб амалдорлар одамларга шуни уқтира бошлашади: «Ал-Қоида» етакчисининг тақдири ҳарбий амалиёт муваффақияти ўлчови бўлмаслиги керак.

Шунга қарамай, 2002 йил бошида америкаликларнинг 83 фоизи АҚШнинг толиблар ва «Ал-Қоида»га қарши ҳарбий кампаниясини маъқулларди.

Янги уруш. Ироқ

2002 йил октябрида иллинойслик сиёсатчи Барак Обама Чикаго марказида урушга қарши митингда чиқиш қилиш учун таклиф этилади. 41 ёшда бўлган Обама ўшанда Сенатга сайланишни кўзлаганди, шунинг учун у бу таклифга эҳтиёткорлик билан ёндашади.

Бир томондан, унинг сайловолди штабида Ироқдаги урушни кескин қоралаш Обамага очколар келтириши ва Демократик партиядаги позицияни мустаҳкамлашга ёрдам беришига ишонч билдирганлар бор эди. Бошқа томондан, Америка ҳали 11 сентябрни унутмаган, бундай фонда урушни қоралаш аксинча, унинг кампаниясига халал бериши ҳам мумкин эди.

Митинг куни Барак Обама саҳнада туриб шундай дейди: «Рухсатингиз билан аввалбошдан шуни айтаманки, бу урушга қарши митинг бўлса ҳам, мен урушга буткул қарши бўлган одам эмасман». Йиғилганлар жим қолади.

Обама АҚШдаги Фуқаролик урушини, 1941 йил Перл-Ҳарборга қилинган ҳужумни эслайди ва шундан сўнг Афғонистон ва Ироқ мавзусига ўтади: «11 сентябрдан кейин, вайронкорлик, чанг ва кўзёшларни кўриб, мен президент маъмуриятининг бегуноҳ одамларни ўлдираётган ёвузликка қарши тоқатсизлик кўрсатиш борасидаги қарорини қўллаб-қувватладим. Бу фожиа такрорланмаслиги учун ўзим ҳам мамнуният билан қурол олган бўлардим. Аммо мен аҳмоқона урушларга қаршиман. […] Мен ақлга эмас, эҳтиросларга таянган, принципларга эмас, сиёсий мақсадларга асосланган урушларга қаршиман. Ойдинлик киритишимга рухсат берсангиз: мен Саддам Ҳусайн борасида иллюзияга берилмайман. У ҳокимиятни сақлаб қолиш учун ўз халқини ўлдириб келаётган шафқатсиз ва раҳмсиз одам. […] Аммо мен яна шуни биламанки, Саддам АҚШга ёки ўз қўшниларига тўғридан тўғри хавф солмаяпти».

Кичик Жорж Буш бошқачароқ фикрда эди. Саддам Ҳусайн режими уни 11 сентябрдан олдин ҳам ғазаблантирарди, катта эҳтимол билан бундай қараш унга отасидан ўтганди: Катта Буш, АҚШнинг 41-президенти ҳам Ироқда уруш олиб борган, аммо 1991 йилда. Ўшанда ироқлик диктатор Саддам Ҳусайн режими катта нефть ҳавзаларига эга чиқиш учун қўшни Кувайт ҳудудини босиб олишга қарор қилганди.

Аммо катта Буш Ҳусайн режимини ағдара олмаган — қисқа муддат олиб борилган ҳарбий ҳаракатлардан кейин катта қурбонлик бермаслик учун америкалик ҳарбийлар ушбу мамлакатдан олиб чиқилишини эълон қилган.

2001 йилда Пентагон раҳбари бўлган Дональд Рамсфельднинг эслашича, кичик Буш 11 сентябрдаги терактлардан 15 кун олдин ундан Ироққа қарши уруш очиш имкониятларини кўриб чиқишни сўраган.

Эгизак бинолар қулаганидан кейин бу мавзу яна кун тартибига чиқди. Ягона муаммо — Ироққа бостириб кириш учун яққол сабаб йўқ эди, Саддам Ҳусайннинг «Ал-Қоида» ва Усама бин Лодин билан алоқалари борасида ҳеч қандай далил бўлмаган.

Аммо 2002 йил январидаёқ Буш Ироқ «ёвузлик кучлари» томонида экани ва ўзининг «вайронкор қуроллари» билан АҚШ хавфсизлигига таҳдид солиши ҳақида гапира бошлаганди. Америка махсус хизматлари Бағдодда ядро бомбаси йўқлигини аниқ билишган, аммо Ҳусайнда биологик қурол бор-йўқлиги борасида аниқ хулосага кела олишмаган.

Шунга қарамасдан, 2003 йил февралида АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл БМТ Хавфсизлик кенгашида Вашингтон Саддам Ҳусайн режимида оммавий қирғин қуроллари борлиги борасида аниқ маълумотга эгалиги ҳақида айтади.

Бир ойдан кейин Ироқда уруш бошланади. Бу вақтда америкаликларнинг тахминан 64 фоизи урушни ёқлаётганди.

Шубҳалар

АҚШ Ироққа 130 мингдан ортиқ ҳарбий жўнатади – бу мамлакат қуролли кучларининг тахминан 10 фоизлик қисми эди. Вашингтоннинг иттифоқчилари ҳам 50 мингга яқин аскар юборади. Қудратли кўринган Ироқ армияси америкаликларга жиддий қаршилик кўрсата олмайди.

«Ироқлик ҳарбийлар советлар намунасидаги техникалар билан жиҳозланганди. Уларнинг армияси жуда ва жуда катта эди, армия — мамлакат мудофааси учун бир неча дивизия тузилади. Агар операция мақсади Ироқдаги режимни ағдариш бўлса, қуруқликда нафақат одатий армия бўлинмалари, балки махсус топшириқли кучлар ҳам жойлаштирилиши ва улар ҳамжиҳатликда ҳаракатланиши талаб этиларди», — дея вазиятни баҳолаган генерал Бен Ҳоджес.

9 апрелга келиб — Ироққа бостириб кирилганидан икки ҳафтага яқин вақт ўтиб Бағдод АҚШ ҳарбийлари назоратига ўтади. 2003 йил 1 май куни Буш ғалаба ҳақида эълон қилади. У Ироқда қилинадиган ишлар ҳали кўплиги, лекин «бурилиш нуқтасидан аллақачон ўтилгани»ни қўшимча қилади.

Мамлакатда барибир оммавий қирғин қуроли топилмайди.

Бу вақтда мухолифат позициясидаги АҚШ Демократик партияси вакиллари Бушни танқид қилишга киришади, катта қурбонликлар ва тартибсизликларга гувоҳ бўлган журналистлар эса президент маъмуриятини саволга тута бошлайди. Ижтимоий тармоқларда — ўша вақтда АҚШда MySpace’дан кенг фойдаланиларди — Барак Обаманинг ўша урушга қарши митингда айтган сўзлари матни вирус каби тарқалади.

Вақт ўтган сайин Ироқдаги вазият ёмонлаша боради.

«Бу жуда ғалати туйғу. Эслайман, Ироққа биринчи сафаримиз охирида мен шундай ўйлагандим: "Бу иш берди!" Мен бизда ҳаммаси жойида эканини ҳис қилганман. Албатта, мен Ироқ шимолидаги кичик участка учунгина жавобгар эдим — Мосул ва ундан жанубдаги ҳудудга. Аммо менга биз барчасини тўғри қилаётгандек ва бизнинг стратегиямиз ўзини оқлаётгандек туюларди. Шу туфайли мен иккинчи бор, 2005 йилда Ироққа келганимда ҳам жуда оптимистик кайфиятда эдим, кейин 2006 йилда яна келдим. Бу сафар эса барчаси бутунлай бошқачалигини кўрдим. Тўқнашувлар янада қонли тус олар, вазият яна ва яна мураккаблашар, душман эса кучайиб борарди», — дея эслайди генерал Ҳоджес.

Америкаликларнинг рақиблари худди саҳрога сингиб кетгандек ғойиб бўлишар, партизан урушлари тактикасида ҳаракат қилишарди — пистирмалар ўрнатилар ва коалиция ҳарбийларига кутилмаган ҳужумлар уюштириларди. Бунга жавобан АҚШ Ироқдаги контингентни оширади. Қурбонлар сони ортиши давом этади.

Штатларда кичик Бушни танқид қилиш авжига чиқади. Ироқнинг Абу-Грейб шаҳридаги қамоқхонада маҳбусларга қийноқ қўллангани можароси вазиятни янада кескинлаштиради. Саддам Ҳусайн даврида қурилган комплексда америкалик ҳарбийлар коалицияга қарши жиноятларда айбланиб қўлга олинганларни сақлашарди. ОАВда нозир қўли боғлиқ маҳбусларни қийнаётгани ва таҳқирлаётгани акс этган фотосурат тарқалади. Айбланувчилар зўрланади, қамоқхонадаги ҳожатхона унитазидан овқат олиб ейишга мажбурланади, ток билан қийноққа солинади, яланғоч қилиб ечинтирилади ва бир-бирининг устига чиқиб пирамида шакли ҳосил қилиш буюрилади. Бу шов-шувдан кейин қийноқларда иштирок этган саккиз нафар ҳарбийга реал қамоқ жазоси тайинланади. Улар орасида бирорта офицер бўлмаган.

Абу-Грейбдаги можаро америкаликларга янгидан янги ҳужумлар уюштирилишига сабаб бўлади. Буш Ироқ масаласида «айрим хатолар»га йўл қўйганини тан олади, аммо қўшимча ҳарбий бўлинмаларни юбориш орқали бу хатоларни тузатиш мумкинлигини қўшимча қилади. 2007 йилда Ироқда бир вақтнинг ўзида 170 мингдан ошиқ америкалик ҳарбийлар бўлган - ҳукумат томонидан ёлланган хусусий ҳарбий компаниялар жангчиларидан ташқари.

«Йилдан йилга ҳарбий раҳбарлар ҳам, амалдорлар ҳам олдинга қўйилган вазифа бажарилиши, узил-кесил ғалабага эришиш имкониятларини кўрардилар. Эслайманки, биз йилдан йилга ўзимизга такрорлардик: биз ғалаба қозонамиз, бу ишни якунлаб қўйиш учун шунчаки яна бир йил ёки яна бир неча минг аскар керак.

Барча учун гапирмоқчи эмасман, аммо мен ўзим чиндан ҳам шундай ўйлардим, яна озгина ва биз барча қийинчиликларни ортда қолдирамиз. Афсуски, мен хато ўйлардим», — дейди генерал Ҳоджес.

2006 йил апрелига келиб америкаликларнинг 64 фоизи Бушнинг Ироқдаги ҳаракатларини маъқулламаётганди.

Ноаён мақсад 

2008 йил. Афғонистонда толиблар куч тўплай бошлашади, америкаликларнинг ҳарбий карвонларини ўққа тутишади, йўлларни миналаштириб, блокпостларга ҳужум қилишади. Ироқда — жимлик, АҚШ фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормасди.

Америкалик Питер Люсьер денгиз пиёдаси бўлади — у АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари илғор бўлинмаси таркибига киради. Питер 19 ёшда эди ва ҳарбий ҳаракатлар ҳақида асосан севимли китобларидан биларди.

Худди шу вақтда АҚШ президентлиги сайловларида «аҳмоқона урушлар»га қарши бўлган Барак Обама ғалаба қозонади. У аввалига «террор билан уруш» номини олган ҳарбий амалиётлар кўламини қисқартириш тарафдори бўлган эса-да, унинг бошқарувининг дастлабки йилларида Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар сони фақат ошириб борилади ва 100 минг кишига етади. Обама «террорга қарши уруш» концепциясидан воз кечиб, бор эътиборини «Ал-Қоида»га ва бин Лодинни қидиришга қаратади.

2009 йил июлида Питер Афғонистонга жўнашидан хабар топади. Кетишгача уч ой вақт бор эди.

«Мен бунга тайёр эдим, аммо бироз асабийлашдим. Балки, менинг бир қисмим мен булардан четда қоламан ва ҳеч қаерга бормайман деб ўйлагандир. Лекин бундай бўлиб чиқмади».

Люсьердан уруш ҳақида сўрашганида, у ҳамиша биринчи жасадни қачон кўргани ҳақида айтиб беради. Америкаликлар блокпостига ҳужум қилинганди. Таркибида Люсьер ҳам бўлган пиёдалар патрули ҳаводан ёрдам жўнатилишини сўрайди. Авиация тўрт нафар душманни ўлдиради.

«Қаҳри қаттиқ катта сержант мендан ўлдирилганларни кўришни истайсанми, деб сўради. Мен рози бўлдим. Мен кўтарма тепаликдан тушдим ва 30 миллиметрли снаряд нимталаб ташлаган одам елкасига назар ташладим. Ва мен ҳеч нарса ҳис қилмадим. Бу ушбу одам ўлимига сабаб бўлган авиазарба билан якунланган, жуда оғир ва узоқ давом этган  кун бўлганди. Менда нимадир ҳис қилиш учун шунчаки куч ва вақт йўқ эди», дея хотирлайди Люсьер.

Бу вақтга келиб у Афғонистондаги учинчи ойини ўтказаётганди. У душман билан юзма-юз келмаган, уларнинг танасини кўрмаган. Пиёдалар мақсадни билмасдан, муваффақият нима билан ўлчанишини тушунмасдан доимий равишда Ҳилманд бўйлаб кўчиб юрарди. Ички бўшлик айниқса Ҳилманддаги кўкнори далаларида билинарди», дейди Питер Люсьер.

У Афғонистонда етти ойни ўтказади.

«У ерда умумий картинани кўриш қийин эди. Тактик, оператив ва стратегик мақсадлар аниқ эмасди. Ва ҳеч ким, менимча, буларни бизга кўрсатишга уринмасди. Биз шунчаки нимани айтишса шуни қилардик. Биз катта пазлнинг кичик қисмлари эдик ва ҳеч нарсани тушунмасдик».

Афғонистон билан Люсьерни кўплаб оғриқлар, йўқотишлар ва умидсизликлар боғлаб туради. Уруш узоқ давом этади, жамият эса муаммони инкор қиларди, дейди у. Афғонистондаги ҳарбий кампаниянинг дастлабки ўн йилида Америка 2000 нафарга яқин ҳарбийсини йўқотади.

«АҚШга қайтганимда мен жуда ғазабда эдим. Тинч аҳолига, денгиз пиёдаларига, оиламга ва дўстларимга, кўчалардаги одамларга, Худога ғазаб қилардим. Кимдир «Толибон» Афғонистонга фойда келтирди деб айтади деб ўйламайман. Аммо уруш Американи хавфсизроқ қилдими? Миллий манфаатларни илгари суришга ёрдам бердими? Биз урушганимиз учун ҳаёт яхшироқ бўлиб қолдими? Ўйлайманки, бунинг жавоби — йўқ».

Афғонистонда икки йил хизмат қилган генерал Ҳоджес бу саволларга бошқачароқ жавоб қайтаради.

«Катта сиёсий хато шунда эдики, АҚШда Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлар харажатларини қоплаш учун солиқларни кўтаришмасди. Нафақат Буш, балки демократлар администрацияси ҳам бизнинг махсус амалиётларимиз учун солиқ ведомостида қўшимча қатор киритмаган. Шунинг учун америкаликларнинг катта қисми хориждаги воқеаларга ўзини алоқадор ҳис қилмаган. Буни фақат ўз яқинларини Ироқ ёки Афғонистонга юборганлар ҳис қилишган. Қолганлар учун эса уруш қаердадир узоқлардаги ҳодисалар эди.

Шу туфайли жамоатчилик ҳукуматга кераклича босим ўтказмаган, барчаси тезроқ тугашини талаб қилмаган. Айнан шунинг учун мазмунсиз уруш узоқ чўзилди», деб ҳисоблайди генерал Ҳоджес. 

2010 йилда Барак Обама Ироқдан асосий контингентни олиб кетади. Мамлакатда 50 минг атрофида ҳарбий хизматчи қолади. Ўшанда АҚШ вице-президенти бўлган Жо Байден ҳарбий амалиётлар якунланганини эълон қилади.

«Барак Обама АҚШ ва иттифоқчиларнинг ҳарбий амалиётлардаги иштирокини қисқартиришга ҳаракат қилади, контингент кўпроқ маҳаллий ҳарбийларни ўқитиш, маслаҳатчилик қилиш билан шуғулланиши ва маҳаллий армия мустақил равишда ўз мамлакатини ҳимоя қилишга қодир бўлиши учун уни қўллаб-қувватлаши кўзда тутилади», — дея Обама администрациясининг позициясини изоҳлайди давлат котибининг собиқ ўринбосари Роуз Геттемюллер.

Обаманинг ҳарбийларни Ироқдан олиб чиқиш тўғрисидаги қарорини америкаликларнинг 78 фоизи қўллаб-қувватлашади.

Биринчи рақамли террорчининг йўқ қилиниши

2011 йилнинг майи. Покистон шимолидаги Абботтабад шаҳарчаси аҳолиси баланд деворлар билан ўралган виллага ортиқча эътибор қаратмасди — унинг дарвозалари аҳён-аҳёнда очиларди.

Аммо бу уйни америкалик ҳарбийлар синчковлик билан кузатиб келишарди. 2 майга ўтар кечаси махсус топшириқли бўлинма ҳарбийлари уй деворини портловчи қурилмалар билан портлатишади. Виллада яшовчиларнинг бир неча нафари отиб ташланади, улар асосий уйнинг иккинчи қаватига кўтарилади — зина орқали учинчи қаватга ҳам чиқишади ва у ерда Усама бин Лодинни топишади.

Жангчилар ўт очишади, аммо ўқлар хато кетади. Бин Лодин ётоқхонага яширинади. Эшикни очиб, ҳарбийлар террорчини ўқлардан тўсиб турган икки аёлни кўришади. Яқин орада автомат турарди, аммо бин Лодин уни олишга улгурмайди — уни жойида отиб ташлашади.

Оқ уйда ушбу амалиёт боришини реал вақт режимида кузатиб турганлар жимлик сақлаб туришади. Ниҳоят Барак Обаманинг We got him («Биз уни қўлга туширдик») деган сўзлари янграйди.

Аммо бу ҳали якун эмасди.

ИШИДдан яна толибларгача

2015 йил майида республикачи Жеб Буш ўз акасининг изидан бормоқчи бўлиб, номзодини президентлик учун кўрсатади.

Буш Невада штатининг Рино шаҳарчасига ўз дастурини баён этиш учун келади. У йиғилганларни Барак Обаманинг ҳарбийларни Ироқдан олиб чиқиш қарори ИШИД кўтарилишига олиб келганига ишонтирмоқчи эди.

2014 йилга келиб ИШИД Ироқ шимолидаги ҳудудларни, шу жумладан, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Мўсулни эгаллаб олганди. Америкаликлар ҳарбийларни ушбу мамлакатга қайтаришига тўғри келади. 2015 йилда халифалик эълон қилган ушбу террорчи гуруҳ Ироқ ва Сурияда жами 70-90 минг квадрат километрлик майдонни эгаллаб олганди. Жангарилар бутун дунё бўйлаб терактлар уюштира бошлайди.

Жеб Буш билан учрашувда Невада университетининг 19 ёшли талабаси Айви Зидрих сабр қилиб тура олмайди:

— Сиз айтмоқчисизки, ИШИД биз Яқин Шарқдан кетганимиз учун пайдо бўлди. Аммо ИШИД Ироқ ҳукуматини ағдарган коалиция ҳаракатларига жавобан юзага келган. Ироқ қуролли кучларида хизмат қилган 30 минг киши ўз лавозимини йўқотган. Улар ишсиз ва пулсиз қолишган, аммо уларда қурол бор эди. Шундай экан, ИШИДни сизнинг акангиз яратган.

Жеб Буш қизнинг елкасига қоқади ва дейди: "Бу ерда савол қани?"

— Менга ўргатишнинг кераги йўқ. Сиз шунчаки саволимга жавоб беришингиз мумкин.

— Ўргатиш? Сени қараю, — дея ҳайратини яширмайди Жеб Буш ва яна гапни Обамага буради.

Бу баҳсда таҳлилчилар талаба Айви Зидрихни ҳақ деб билишади.

Америка ҳарбийлари амалиётлари кўп ҳолларда тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келган — бу маҳаллий аҳоли, айниқса уруш ва зўравонликлар даврида ўсган ёшлар радикаллашишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, америкаликлар бир соат ичида Саддам Ҳусайн армиясини тарқатиб юбориб, қарийб ярим миллион яхши қуролланган ва яхши таълим кўрган аскарларни ишсиз қолдиради. Кейинроқ уларнинг кўп қисми ИШИД сафида дала қўмондонларига айланади. Маълумотларга кўра, ИШИД раҳбари Абу-Бакр ал-Бағдодий ҳам америкаликларнинг Буккадаги лагеридаги маҳбуслик чоғида радикаллашган.

2014 йилда эгаллаб олинган Мўсулни уч йил ўтибгина қайтариб олишга муваффақ бўлишади. Бу вақтга келиб "терроризм билан уруш" Американинг навбатдаги етакчиси — Дональд Трампга мерос бўлиб ўтганди.

Бу даврда америкаликларнинг қарийб ярми — 49 фоизи — АҚШ Афғонистонда ўз мақсадига эриша олмади, деб ҳисобларди. 35 фоизи ҳарбийларнинг муваффақиятларини ижобий баҳолаган, қолганлар аниқ позицияга эга эмаслиги маълум бўлган.

Толиблар билан келишув

2020 йил февралида Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка администрацияси вакиллари толиблар билан учрашади. "Толибон" иккита муҳим ваъда беради: биринчидан, афғон ҳукумати билан тинчлик музокараларига киришиш, иккинчидан, террорчи ташкилотлар, биринчи навбатда — "Ал-Қоида" билан алоқаларни узиш. Кейинчалик икки ваъда ҳам бажарилмади.

Мутахассислар бу келишувни қўрқинчли даражада ён бериш деб баҳолашади — толиблар келишувга амал қилмасликлари аён эди. Аммо бу вақтда америкаликлар ички сиёсий муаммолари — аввалига импичмент, кейин пандемия ва иқтисодий қийинчиликлар билан шунчалар банд бўлиб қоладики, улар Афғонистонга алоҳида эътибор қарата олишмасди.

"Трамп шунчаки Афғонистондан кетишни истарди, — дейди президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон. — У биз Афғонистонга жуда кўп пул ва вақт сарфлаяпмиз деган фикрда эди. Уни бир неча йил мобайнида терроризмдан кўчаларимизда ёки Америка осмонида ҳимоялангандан кўра, Афғонистонда ҳимояланган маъқул эканига ишонтириб келган бўлишса-да, алал-оқибат у Афғонистондан кетишни истади. Унга буни қандай қилишнинг фарқи йўқ эди".

Болтоннинг сўзларига кўра, унинг ўзи президентни бундай қилмасликка ундаган – ушбу мамлакатда ҳарбийларни қолдириш орқали толибларни кузатиш, шунингдек Покистондаги вазиятдан хабардор бўлиш ҳамда Эроннинг режалари қандайлигини билиб туриш мумкин эди.

"Трамп қачондир бин Лодин ушланиши ёки "Ал-Қоида" йўқ қилинишига қарши бўлган деб ўйламайман. Аммо унинг боши Республикачилар партияси ядроси адоқсиз урушни якунлашни истайди, деган ғоя билан банд эди”, — дейди Болтон.

Америкаликлар Жо Байденни президент этиб сайлашганида, АҚШ Афғонистонда уруш қилаётганига йигирма йил бўлганди. Ўтган вақт давомида икки триллион доллардан ортиқ маблағ сарфланганди. Минглаб америкалик аскарлар ва ўн минглаб афғонлар уруш қурбонига айланганди.

Жо Байден президентлик кампанияси вақтида ҳарбийларни барибир Афғонистондан олиб чиқиш ваъдасини беради. 2021 йил апрели ўрталарида у шундай эълон қилади: жараён "тартиб билан олиб борилади" ва 11 сентябрь воқеаларининг 20 йиллигида якунланади.

"АҚШ, моҳиятан, "келишув шартлари бажарилиши эвазига ҳарбийларни олиб чиқиш" ёндашувидан воз кечди ва мен қўрқаманки, толибларни "Ал-Қоида" билан алоқаларни узишга мажбурловчи воситадан ҳам маҳрум бўлди", — дейди Трампнинг аксилтеррор масалалар бўйича маслаҳатчиси Нэйтан Сейлс.

2021 йил ёзида Сейлс ўзининг собиқ раҳбари ва "Толибон" ўртасида тузилган келишувни оқлашга уринади. У Трамп ҳарбийларни фақат толиблар ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажарган тақдирда олиб чиқишга рози бўлганини таъкидлайди. Унингча, келишувга амал қилинмаган тақдирда АҚШ Афғонистонда бир неча бўлинмаларни қолдириши назарда тутилган. Сейлснинг фикрича, Трамп даврида Сурия тажрибаси катта бўлмаган контингент билан рақибни тийиб туриш мумкинлигини кўрсатган.

"Учувчили ва учувчисиз учиш аппаратлари билан таъминланган, қуруқликдаги бир неча минг кишилик, катта бўлмаган гуруҳлар "Ал-Қоида"га босим ўтказиб, террорчилар Афғонистонда яна бошпанага эга бўлишининг олдини олиб турган бўларди", дея ҳисоблайди Сейлс.

НАТО кучларининг собиқ бош қўмондони, адмирал Жеймс Ставридис эса бошқача фикрда: "Агар Трамп қайта сайланганида ҳам, биз барибир Афғонистондан чиққан бўлардик. Катта эҳтимол билан, бу эртароқ рўй берган бўларди".

АҚШда сўнгги ой давомида жамоатчилик фикрини ўрганиш учун бир неча сўровлар ўтказилди ва аниқланишича, 53 фоиздан 63 фоизгача бўлган респондентлар — қандай савол қўйилишидан қатъи назар — Афғонистондан ҳарбийлар олиб чиқилишини маъқуллаган. Аммо эвакуация жараёни қандай амалга оширилгани 74 фоиз америкаликни қониқтирмаган.

Тугалланмаган уруш

Йигирма йил ичида афғон муаммосини ҳеч ким ҳал қила олмади. Жорж Буш асосан Ироқ билан банд бўлди. Барак Обама Ироққа киришни хатолик деб атади, аммо Афғонистонда эса дастлаб контингентни кўпайтирди, кейин камайтирди. Дональд Трамп толиблар билан кутилмаган келишувни имзолади. Жо Байден Афғонистондан тинч чиқиб кетишга ҳаракат қилди, аммо якунда Кобулдан эвакуация жараёнида юзага келган хаос учун масъулиятни ўз зиммасига олишига тўғри келди.

"Америкаликлар, айниқса ёшлар, Афғонистонда рўй бераётган воқеаларни тугамайдиган зиддият деб қабул қилишади. Улар АҚШ бу ерда ғалаба қозона олмайди деб ҳисоблашади, чунки улар бу урушда қанча одам ҳалок бўлгани ва яраланганидан хабардор. Америка жамоатчилиги Афғонистондан кетиш қарорини қабул қилишга тайёр эди", — дейди собиқ давлат котиби ўринбосари Роуз Геттемюллер.

Аммо америкаликлар бундай кетишга тайёр эмасди. 2001 йил 11 сентябри арафасида бўлгани каби "Толибон" яна ҳокимиятга қайтган ва яна мамлакатда ўз тартибини ўрнатган ва ҳамон аввалгидек бу урушлар бошланишига сабаб бўлган терактларни уюштирган "Ал-Қоида" билан қалин алоқаларни сақлаб қолган.

Демак, террорга қарши урушда ғалаба қозониб бўлмайдими?

"Уни фақат қаттиққўл куч ёрдамида енгиш имконсизлиги аниқ, — дея ҳисоблайди адмирал Ставридис. — Аммо қаттиқ ва юмшоқ кучлар қоришмаси — дипломатия инструментлари, иқтисодий ёрдам, таълим терроризм хавфини сезиларли даражада камайтириши мумкин". Нима бўлмасин, Ставридиснинг ишончи комилки, сўнгги йигирма йилликда дунё хавфсизроқ бўлди — асосан "Ал-Қоида" мағлуб этилиши эвазига, ҳозирда бу гуруҳ қолдиқлари фақат омон қолиш пайида.

Қироллик мудофаа тадқиқотлари институтининг британиялик эксперти, Ироқда ва Афғонистонда қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари сафида хизмат қилган Пол О’Нил унинг фикрига қўшилмайди:

"Мен 11 сентябрь воқеаларидан 20 йил ўтиб дунё хавфсиз бўлиб қолгани йўқ деб ҳисоблайман. Терроризмга қарши муваффақиятли курашиш мумкин, давлат бу ишни асрлар давомида қилиб келмоқда. Аммо, менимча , "террор билан уруш" атамаси худди "гиёҳвандлик билан кураш" атамаси каби маъно касб этиб қолган. Биринчидан, урушда жуда аниқ мақсад қўйилади ва мақсадга қачондир эришилиб, уруш якунланади. Аммо терроризм — бу якуни йўқ ҳодисадир. Ва армия — бу соҳадаги вазифаларни ҳал этиш учун энг яхши инструмент эмас. Ҳарбийлар муайян якуний вазифани ҳал қилиш учун йўналтирилади. Ва агар уларга муддатсиз мақсад қўйилса — масалан, террор билан уруш вазифаси бўлса, муаммолар бошланади".

"Менимча, хатолик шундаки, биз Афғонистон ва Ироқ ҳарбийларига ҳаддан ташқари кўп сармоя киритганмиз, аммо бу мамлакатларда полиция, суд ва юридик тизимлар ривожланиши учун етарлича саъй-ҳаракатлар қилинмаган. Фақат шундай институтлар орқали айрим мамлакатларда терроризмга қарши курашда ижобий тажриба тақдим этган", — дея хулоса қилади О’Нил.

"Биз 20 йил олдингига қараганда анча яхши вазиятдамиз, — дейди америкалик Нэйтан Сейлс. — АҚШ ва бизнинг НАТО бўйича ҳамкорларимиз терроризмга қарши курашда қўллаш мумкин бўлган инструментлар тўпламини ишлаб чиқди. Бу нафақат дронлар ёки махсус топшириқли отрядлар. Коалиция мамлакатлари прокурорлари нотинч ҳудудлардаги юристларни ўқитди ва уларга жанг майдонларида топилган далилларни қайта ишлаб, уларни судда қандай тақдим этиш бўйича маслаҳатлар беришди. Америкалик чегарачи экспертлар Африка давлатларидаги аэропортлар ходимлари билан учрашувларда уларга ўтиш пунктларида йўловчиларни қандай таҳлил қилишни ўргатишди ва уларга хавфли саёҳатчиларни қандай аниқлашда ёрдам беришди. 20 йил олдин буларнинг ҳеч бири бўлмаган".

Глобал жараёнларга аралашиш керакми ёки фақат миллий манфаатларни кўзлашми? Пол О’Нилнинг фикрича, сиёсатчилар бу борада дам бу томонга, дам бошқа томонга оғишади.

"Глобал зиддиятлар барҳам топганида мамлакатлар ўз миллий манфаатларига қайтади. Шунда йиллар бўйи тинчлик ва хотиржамлик ҳукм суради. Ўшанда сиёсатчилар дунёда жуда қўрқинчли ишлар бўлаётганини қайд этишади. Улар бунга аралашиш керак деб ҳисоблашади. Аввалига барчаси жуда яхши кетади. Кейин эса бирданига барчаси яхши кетмай қолади. Ўшанда сиёсатчилар яна миллий манфаатлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга қайтишади", — дея таърифлайди О’Нил Афғонистон атрофидаги воқеаларни.

Ироқда америкаликлар ўз асосий мақсадига эришган — Саддам Ҳусайн ағдарилганди, аммо мамлакатда яна кўп йиллар қолиб кетишди. Афғонистонда америкаликлар ўз олдларига қўйилган мақсадларнинг ҳеч бирига эриша олишмади, Покистон ҳудудида 11 сентябрь терактлари ташкилотчиси Усама бин Лодин йўқ қилинганидан ташқари. Афғонистонда демократия ўрнатишнинг уддасидан чиқилмади. Глобал терроризмни мағлуб этиш вазифаси ҳам бажарилмади. Ҳокимият яна толиблар қўлида, АҚШ эса шошилинч равишда ҳарбийлари ва фуқароларини эвакуация қилди — бу йилларда терактларнинг олдини олишни ўргандик ва 11 сентябрь бошқа қайтарилмайди деган умидда.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top