20:17 / 14.09.2021
7622

Афғонистонда толиблар ҳокимиятни эгаллагандан кейин 153 дан кўпроқ ОАВ ишлашдан тўхтаган  

Афғонистонда ҳокимиятни “Толибон” эгаллагандан кейин камида 153 та оммавий ахборот воситаси ишлашдан тўхтади. Бу ҳақда эркин ОАВни ҳимояловчи ташкилотларга таяниб Tolo News телеканали хабар берди. 

Таъкидланишича, телеканаллар, радиостанциялар ва босма нашрлар ўз фаолиятини тўхтатишига молиявий муаммолар ва толиблар киритаётган чекловлар асосий сабаб бўлган.  

Афғон миллий журналистлари иттифоқи вакили Масрур Лутфийнинг айтишича, агар халқаро ташкилотлар ушбу муаммони ҳал қилишда ёрдам бермаса, унда “Афғонистонда яқин орада эркин ОАВ даври поёнига етади”.

“Биз халқаро ташкилотларни ушбу муаммони ҳал қилиш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирамиз. Акс ҳолда Афғонистонда матбуот эркинлиги ҳамда бошқа инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ўз поёнига етади”, деб айтган Лутфий.   

Август охирида толиблар тайинлаган янги раҳбарлар томонидан бўшатилган бир неча афғон аёл журналисти ўз ишларида тикланишларини талаб қилишган. Бундан ташқари, Афғонистон мустақил журналистлари уюшмаси “Толибон”дан мамлакатда норозилик намойишларини ёритаётган мухбирларга нисбатан зўравонликни тўхтатишга ҳамда ахборот олиш ҳақидаги қонунни кучга киритишга чақирган.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top