14:53 / 14.09.2021
2964

Қарши шаҳрида ҳавога қўланса ҳид чиқараётган корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳар Шайхали маҳалласида яшовчи фуқароларнинг шу маҳаллада жойлашган терини қайта ишлайдиган корхонанинг ҳавога қўланса ҳид тарқатаётгани ва бундан аҳоли озор чекаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мазкур мурожаат юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, вилоят Экология бошқармаси назорат инспекцияси, атроф-муҳит ифлосланиши мониторинг бўлими, Қарши шаҳар экология назорат инспекцияси томонидан шаҳар ҳокимлиги, Халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгаши депутатлари ва ҳудудда яшовчи фуқаролар иштирокида ҳолат ўрганилган.

Ўрганиш давомида аҳолининг фикр-мулоҳазалари тўлиқ тингланган. Аҳоли вакиллари агар атроф-муҳитга қўланса ҳид чиқмаса корхонанинг фаолият юритишига қарши эмасликларини билдиришган. Шундан сўнг масъуллар томонидан «QARSHI LEATHER» МЧЖдан чиқаётган ишлаб чиқариш оқова сувлари ташланадиган коллектор жойида ўрганилган. Ҳақиқатан ҳолат яхши эмаслиги аҳолининг яшаш тарзига, атроф-муҳитга салбий таъсири борлиги сабабли вақтинча МЧЖ томонидан 17 километр масофадаги канализация қувури ўтказилгунча корхона фаолияти тўхтатилган.

«QARSHI LEATHER» МЧЖдан чиқаётган ишлаб чиқариш оқова сувлари ташланадиган коллекторни вақтинча ёпиб қўйишга қарор қилинган.

Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг маълум қилишича, 2020 йилда ҳам бир неча марта Шайхали маҳалласи аҳли Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда вилоят бошқармасига «QARSHI LEATHER» МЧЖга қарашли корхонадан атрофга қўланса ҳид тарқалаётгани ҳақида мурожаат қилган.

Мурожаатларга асосан Қарши шаҳар Косон йўли кўчасида жойлашган мазкур корхонадан чиқаётган ишлаб чиқариш оқова сувларининг зарари бўйича таҳлил олиб борилган. Таҳлил натижаларига кўра корхона чиқараётган оқова сувларда атроф-муҳитга чиқариладиган ташланмалар меъёр даражасидан ортиқлиги аниқланган. МЧЖ раҳбариятига бир неча бор кўрсатмалар тақдим этилиб, корхона фаолиятини вақтинча тўхтатиш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, МЧЖга 345 миллион 766 минг сўм атроф-муҳитга етказилган қоплама тўлови ҳисобланиб, зарар корхона ҳисобидан ундирилган. 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳам корхона фаолияти 4 маротаба ўрганилиб, оқова сувларни тозалаш учун янги замонавий технологиялар жорий этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаш юзасидан мажбурий кўрсатма берилган ва корхона фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Корхона томонидан эса вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига, мажбурий кўрсатмада кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилмагунча корхона фаолияти тўхталиши бўйича ёзма ахборот тақдим этилган.

Таъкидланишича, ҳолат бўйича ўтказилган такрорий ўрганишлар бўйича тўпланган барча ҳужжатлар, тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади.

Top