18:12 / 22.09.2021
8027

Ҳиндистон бош вазирининг самолёти уч йил ичида биринчи марта Покистон устидан учиб ўтди

Илгари Покистон Ҳиндистон президенти Рам Натх Ковинд ва бош вазир Нарендра Модига хориж мамлакатларига парвоз қилиш учун Покистон ҳаво маконидан фойдаланишига уч марта рухсат бермаганди.

Фото: Reuters

АҚШга йўл олган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг самолёти уч йил ичида биринчи марта Покистон ҳаво ҳудуди орқали учиб ўтди. Бу ҳақда India TV телеканали хабар берди.

Маълумот берилишича, Ҳиндистон Покистондан Модининг самолёти Покистон устидан парвоз қилишга рухсат сўраган ва Исломобод бунга рухсат берган. 

Илгари Покистон Ҳиндистон президенти Рам Натх Ковинд ва бош вазир Нарендра Модига хориж мамлакатларига парвоз қилиш учун Покистон ҳаво маконидан фойдаланишига уч марта рухсат бермаганди. Бу 2019 йилда Ҳиндистон Жамму ва Кашмир штатлари мақомини ўзгартириб, уни иккига бўлиб юборганидан сўнг бошланганди.

Нарендра Моди АҚШга ташрифи давомида вице-президент Камала Ҳаррис ва президент Жо Байден билан учрашади. У шунингдек, БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясида чиқиш қилади.

Top