15:36 / 22.09.2021
3787

Ўтган беш йил давомида Хоразмни ривожлантиришга 9 триллион сўм йўналтирилди – Президент

Вилоятда “Темир дафтар”га киритилган 17 мингта оила даромад манбаи билан таъминланиб, камбағалликдан чиқарилган ва ўртача иш ҳақи қарийб 3 баробарга ошиб, 2,5 миллион сўмга етган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Охирги беш йилда Хоразм вилоятида амалга оширилган ўзгаришларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Ўтган даврда вилоятда 141 мингта янги доимий иш ўринлари яратилди. “Темир дафтар”га киритилган 17 мингта оила даромад манбаи билан таъминланиб, камбағалликдан чиқарилди. Ўртача иш ҳақи қарийб 3 баробарга ошиб, 2,5 миллион сўмга етди.

Ўтган беш йилда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган, 7 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, янги қувватлар ишга туширилди. Жумладан, Хивада йирик гилам ишлаб чиқариш фабрикаси, Боғот, Янгиариқ ва Урганч шаҳрида трикотаж, Янгиариқда мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналари ўз фаолиятини бошлаб, минглаб янги иш ўринлари ташкил этилди. Тупроққалъада электр двигатель ва автомобил кузови панеллари ишлаб чиқариш бўйича йирик саноат қувватлари ишга туширилди.

Ҳудудга жалб қилинган инвестициялар 2,5 баробарга ўсди. Тўғридан тўғри хорижий сармоя ҳажми 7 баробарга ошиб, йилига 150 миллион долларга етди. Саноат маҳсулоти ҳажми 1,7 баробарга кўпайди, 64 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айниқса, етакчи соҳалар бўлган тўқимачилик, автомобилсозлик, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, электротехника саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ўртача 2 баробарга ўсди.

Экспорт ҳажми олдинги 5 йилга нисбатан 2 баробарга ошиб, 720 миллион долларни ташкил этди. Кўп йиллар давомида муаммо бўлиб келган Тошсоқа ирригация тизими 146 миллион доллар ҳисобига реконструкция қилинди. Натижада, 191 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларига сув етиб борди.

Пахта толасини қайта ишлаш даражаси 2 баробарга, мева-сабзавот ва пилла бўйича 3 баробарга ошди. Вилоятда 100 миллион доллардан зиёд маблағ йўналтирилиб, 370 гектар замонавий иссиқхоналар барпо этилди. 

Туризм соҳасида 80 та янги меҳмонхона қурилди, жами меҳмон ўринлари 2 баробарга ошди. Хива шаҳрига темир йўл етиб борди ва янги вокзал ишга туширилди.

Кичик бизнес субъектлари 2 баробарга кўпайиб, уларнинг сони 22 мингдан ортди. Мактабгача таълим қамрови 21 фоиздан 65 фоизга етказилди, қўшимча 71 минг нафар болалар боғчага қамраб олинди.

Вилоятда 3 та янги олийгоҳ ташкил этилди. 6 та янги мактаб қурилди ва 205 та мактаб реконструкция қилинди. Аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида, 12 минг хонадонли уй-жойлар барпо этилди, бу кўрсаткич ўтган беш йилга нисбатан 3 баробарга кўп.

Юқори кучланишли янги электр тармоқлари қурилиб, электр таъминоти сезиларли даражада яхшиланди. Марказлашган ичимлик суви таъминоти даражаси 52 фоиздан 80 фоизга етди, 503 минг аҳоли тоза сув билан таъминланди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 89 та қишлоқ ва маҳалла ҳамда барча туман марказларини обод қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Умуман, ўтган беш йил давомида Хоразмни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга жами 9 триллион сўм йўналтирилди. Давлат бюджетидан 2,4 триллион сўм, халқаро молия ташкилотларидан 226 миллион доллар, шунингдек, 4 триллион сўм банк кредитлари ажратилди”, – деди Шавкат Мирзиёев Хивадаги тадбир чоғида.

Top