01:43 / 22.09.2021
17637

Таиландлик таксичилар норозилик сифатида машиналари томларини “томорқа”га айлантиришди

Таиландда пандемияда вақтида сайёҳлар оқими камайиб кетгани сабабли ишсиз қолган таксичилар ўз машиналари томини “кичик томорқа”га айлантириб, унда турли экинлар етиштира бошлашди. Бангкоклик таксичилар шу йўл билан ҳукуматнинг эътиборини оғир аҳволда эканликларига қаратишга қарор қилишган.

Таъкидланишича, кимдир машинаси устидаги “томорқа”да помидор эккан бўлса, яна кимдир бодринг, ловия етиштира бошлаган.

Таксичилар пандемия билан боғланган чекловлар сабабли молиявий зарар кўрганлари туфайли ушбу акция биринчи навбатда намойишкорона кўринишга эга ҳисобланади. Мисол учун, такси хизматлари кўрсатувчи Ratchapruk ва Bovorn Taxi компанияларида Бангкокда мижозларни ташиш билан шуғулланаётган 500 машина фаолият юритмоқда, қолган 2500 машина эса автотураргоҳларда бекор турибди. Боз устига, ушбу машиналардан бир қисми кредитга олинган.

“Бу бир вақтда ҳам норозилик акти, ҳам оғир даврда ходимларим қорнини тўйғазиш йўлидир. Таиланд кўплаб йиллар давомида сиёсий силсилаларни ва 2011 йилда катта тошқинни бошдан кечирган, бироқ бизнес ҳозиргидек фалокатли ҳолатда бўлмаганди”, деб айтган компаниялардан бири раҳбари.

Унинг айтишича, Ratchapruk ва Bovorn Taxi вакиллари банкка умумий ҳисобда 2 млрд Таиланд бати (60,8 млн доллар) тўлашлари керак. Ҳукумат эса пандемия вақтида компанияларга ҳеч қандай молиявий кўмак кўрсатмаган.

Таъкидлаш жоиз, бу Таиланд пойтахтида таксичиларнинг норозилик акцияси орқали ҳукумат эътиборини қаратишга биринчи уриниши эмас. Август бошида минглаб таксичилар ўз машиналарида бир вақтда шаҳарнинг асосий кўчаларидан бирига чиққанди. Ҳайдовчилар шу йўл билан ҳукуматдан коронавирус чекловларини енгиллаштиришни талаб қилишган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top