16:07 / 22.09.2021
4972

Урганч-Хива йўлини хориждан мутахассислар олиб келиб, махсус лойиҳа асосида ободонлаштирамиз – Шавкат Мирзиёев

Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасида 100 дан зиёд замонавий сервис объектлари барпо этилади. Бу ишлар Урганч, Хонқа, Боғот, Ҳазорасп, Тупроққалъа туманларидаги йўллар бўйларида ҳам амалга оширилади. Бу ҳақда Хивадаги учрашув чоғида президент Шавкат Мирзиёев маълумот берди.

“Келгуси беш йилда туризм хизматларини камида 5 баробарга ошириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Бунда, янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, ўринлар сони 8 мингтага етказилади.

Урганчдаги Паҳлавон Маҳмуд ва Хивадаги Аллея ҳудудларида “Туризм кўчаси” барпо этилади. Хива шаҳрига тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиб, туристлар оқими камида 2 баробарга ошади.

“Мангуберди ватанига саёҳат” номли ички туризм дастури орқали, ҳар йили 500 мингдан зиёд ўқувчи, талаба ва пенсионерларнинг Хоразмга сафарини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда эътибордан четда қолган 100 дан зиёд маданий мерос объектларини реставрация қилишга давлат буюртмаси жорий қилинади ҳамда уларга олиб борувчи инфратузилма тикланади. Бунинг учун, бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади. 

Мисол учун, Ичан-қалъадаги Нажмиддин Кубро сабоқ берган Шайх Кабир масжиди, хонақоҳ ва чиллахона реконструкция қилиниб, зиёратгоҳга айлантирилади. Араб Муҳаммадхон мадрасасидаги 56 мингта экспонат, нодир топилма ва буюмларни сақлаш ва намойиш қилиш учун, янги музей ташкил этилади. Ушбу объектлар негизида янги туризм маршрутлари кўпайтирилиб, 200 дан ортиқ сервис шохобчалари барпо этилади ва 2 мингга яқин иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, Хива шаҳрида ЮНЕСКО кўмагида реставрация мактаби ташкил этилади. Ушбу мактабда малакали мутахассислар тайёрлаш учун, хориждан ҳам етакчи экспертларни олиб келамиз.

Ҳунармандчилик йўналишида келгусида 15 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади. Масалан, Хонқада кигиз тайёрловчилар, Янгиариқ ва Қўшкўпирда кулоллар, Хивада гиламчи ва ёғоч ўймакорларини қўллаб-қувватлаш учун, уларга нақд пулда кредит берилади ва асбоб-ускуналар сотиб олишга субсидиялар ажратилади. Шунингдек, Қўшкўпирда янги дизайндаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, электрон савдо платформаси орқали сотиш, маркетингга ўқитиш бўйича Ҳунармандлар ўқув маркази ташкил этилади. Ҳунармандлар маҳсулотлари бўйича Хоразм брендини яратиш ва бозорларга олиб чиқиш дастури амалга оширилади.

12 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида, 50 сотихгача ер узоқ муддатли ижарага берилади ва 55 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланади. Вилоятда бу тажрибани жорий этишга, дастлабки босқичда 100 миллиард сўм ажратилади.

Хоразмлик моҳир усталар қурилиш соҳасида катта салоҳиятга эга экани ҳаммага маълум. Уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ўзини ўзи банд қилган усталарга биргаликда, кооператив асосида ишлашга рухсат берилади.

Шунингдек, касб-ҳунар маркази ташкил этилиб, уни битирганларга асбоб-ускуна сотиб олишга субсидия ажратилади. Шу орқали, 10 минг нафар фуқаролар ўқитилиб, бандлиги таъминланади.

Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасида 100 дан зиёд замонавий сервис объектлари барпо этилади. Бу ишлар Урганч, Хонқа, Боғот, Ҳазорасп, Тупроққалъа туманларидаги йўллар бўйларида ҳам амалга оширилади.

Мен алоҳида топшириқ бердим – Урганч-Хива йўлини хориждан мутахассислар олиб келиб, махсус лойиҳа асосида ободонлаштирамиз”, дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top