13:43 / 23.09.2021
13326

“5 йилдан бери президент қарори ижроси таъминланмаяпти” – Олимжон Ўсаров Тошкент шаҳар ҳокимлигидан хафа эканини айтди

Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров 23 сентябрь куни бўлиб ўтган давра суҳбатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2017 йил августдаги президент қарори ижросини 5 йилдан буён пайсалга солиб келаётганини таъкидлади.

Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров 23 сентябрь куни бўлиб ўтган давра суҳбатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2017 йил августдаги президент қарори ижросини 5 йилдан буён пайсалга солиб келаётганини таъкидлади.

“Мен Тошкент шаҳри ҳокимидан жуда хафаман. Тўғри, шаҳарда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти, буни биз ҳамиша эътироф этамиз, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ президентимизнинг 2017 йил 10 августда “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Тўрттагина банддан иборат қарорда Тошкент шаҳар ҳокимлигига Тошкент шаҳрининг Ислом Каримов кўчасидаги 15-а-уйдан уюшма учун жой бериш вазифаси юклатилган. Мана, орадан қарийб беш йил вақт ўтди. Лекин ҳалигача уюшмага жой ажратилгани йўқ. Ҳалигача ахборот соҳасидаги ваколатли давлат органининг биносида ижарада ўтирибмиз.

Президент сайлови муносабати билан юртимизга кўплаб хорижий журналистлар ташриф буюрмоқда. Уларнинг кўпчилиги уюшма фаолияти билан танишиш истагида бизга мурожаат қилишмоқда. Аммо гапнинг очиғи, биз уларни қабул қилиш учун ҳозирги ҳолатимиздан уяляпмиз”, дея Олимжон Ўсаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Уюшма раисининг қўшимча қилишича, қарорнинг бошқа бандларида кўзда тутилган ишлар ҳам амалга оширилмаган. Жумладан, ҳар бир ҳудудда журналистлар учун имтиёзли нархлар асосида уйлар қурилиши белгиланган бўлса-да, ҳалигача бу вазифа бажарилмаган.

“Хафалигимнинг сабаби, президент қарорида кўзда тутилган мана шу вазифанинг ижроси таъминланаётгани бўйича бирор ОАВ бизни қўллаб-қувватлаб чиқиш қилгани йўқ.

Бундан ташқари, юқорида номи кўрсатилган президент қарорида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уюшма билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларга имтиёзли нархдаги уй-жой қуриб бериш вазифаси ҳам юклатилган. Афсуски, президент қарорининг бу банди ҳам ижро этилмай қолиб кетган.

Бу нимадан далолат беради? Мана шу ҳолатдан ҳам хулоса қилиш мумкинки, журналистларимиз ўртасида бирдамлик йўқ. Тасаввур қилинг, мана шу ҳолат хориждаги бирорта мамлакатда содир бўлганда журналистлар ҳокимлик ёки мэрияни тинч қўйишармиди?! Бир соат ҳам тинч қўйишмасди. Лекин бизнинг журналистларимиз мана шу масалаларга жимгина кўз юмиб келишмоқда”, деди Олимжон Ўсаров.

Top