17:13 / 24.09.2021
5693

«Ўз мамлакатимизда пандемияни тугатишимиз учун уни дунёнинг ҳамма жойида енгишимиз керак» – Жо Байден

Бой мамлакатлар келаси йил сентябрь ойига қадар камбағал ва ўртамиёна давлатлар аҳолисининг 70 фоизини эмлаш учун вакцина етказиб беришни ўз зиммасига олмоқда.

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден дунё бўйлаб эмлаш жараёнини тезлаштириш мақсадида Pfizer вакцинасини сотиб олишни икки баравар кўпайтираётганини эълон қилди.

Қўшма Штатлар камбағал мамлакатлар аҳолисини вакцина билан таъминлашдаги ўз мажбуриятларини кучайтирмоқчи. Мамлакат президенти Жо Байден Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилишида бой мамлакатларни пандемияни назорат қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга ундаган. Айни пайтда глобал эмлашнинг бориши бой ва камбағал давлатлар ўртасидаги тенгсизликни тобора кучайтириб юбормоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам саммитда коронавирус оқибатида ҳалок бўлган глобал қурбонлар сонига ишора қилиб, қуйидаги фикрни билдирган:

«Ҳозирги кунга келиб бутун дунё соғлиқни сақлаш тизими муваффақиятсизликка учради, 4,5 миллион инсон ҳалок бўлди. Бизда СOVID-19га қарши самарали вакциналар мавжуд ва пандемияни тугатишимиз мумкин. Шунинг учун мен глобал эмлаш режасини сўраяпман ва умид қиламанки, ушбу саммит бу йўналишдаги самарали қадам бўлади».

Байденга кўра, Қўшма Штатлар яна 500 миллион доза вакцина сотиб олади ва 2022 йилгача АҚШнинг умумий эмлаш мажбурияти 1,1 миллиарддан зиёд дозага етказилади. Шу пайтгача АҚШ томонидан етказиб берилган 160 миллион дозага яқин вакцина дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларига тарқатилган. Қолган вакциналар келгуси йил давомида тақсимланиши режалаштирилган.

«Ўз мамлакатимизда пандемияни тугатишимиз учун уни дунёнинг ҳамма жойида енгишимиз керак», деб қўшимча қилди Байден.

Бой мамлакатлар келгуси йилнинг сентябри – БМТнинг навбатдаги саммитига қадар камбағал ва ўртамиёна давлатлар аҳолисининг 70 фоизини эмлаш учун вакцина етказиб беришни ўз зиммасига олмоқда. Байден ушбу вазифани глобал ёрдам гуруҳлари томонидан қўйилган олий мақсад сифатида эътироф этди.

АҚШ президенти бошқа мамлакатларни ҳам вакцина етказиб беришда фаолроқ бўлишга чақирмоқда:

«Бизга бошқа юқори даромадли давлатлар ҳам бепул вакцина етказиб бериш бўйича ваъда беришлари керак. Бадавлат мамлакатлар вакциналарни камбағал давлатларга сотишдан кўра хайр-эҳсон қилиши ва уларни «ҳеч қандай сиёсий манфаатларсиз» етказиб бериши керак».

Шунингдек, Европа Иттифоқи ҳам 500 миллион доза вакцинани хайрия қилишга ваъда бермоқда. Бу рақам илгари эълон қилинган миқдордан кўпроқ ҳисобланади.

Маълумот учун, ўтган давр мобайнида дунё бўйлаб 5,9 миллиард дозадан ортиқ вакцина қўлланди, бу дунё аҳолисининг қарийб 43 фоизи эмланганини англатади. Аммо тақсимотда жуда катта тафовутлар мавжуд. Кўпчилик кам таъминланган давлатлар ҳатто аҳолининг энг ҳимоясиз қисмини ҳам эмлашга қийналмоқда, баъзиларида эмлаш кўрсаткичи 2–3 фоиз атрофида. ЖССТ маълумотларига кўра, камбағал мамлакатларда ишлатилган вакциналарнинг 15 фоизи бой мамлакатлар томонидан етказиб берилган.

БМТ Бош aссамблеясининг 76-сессияси доирасидаги умумий йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Mирзиёев ҳам иштирок этиб, вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш ҳақида фикр билдирганди.

«Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик, ҳамма учун ва барча жойда», деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир ёндашувини тўлиқ маъқуллаймиз», деганди Мирзиёев.

Top