18:47 / 02.10.2021
3239

Ургут туманида мактаб таъмири учун ўқитувчилардан 300 минг сўмдан пул йиғилгани айтилмоқда

Иллюстратив фото

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган мактаблардан бирининг таъмири учун ўқитувчилардан 300 минг сўмдан пул йиғилгани айтилган хабар тарқалди. Вилоят Халқ таълими бошқармаси хабар юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, ижтимоий тармоқларда Ургут туманидаги 54-мактабда директор ўқитувчилардан мактаб таъмири учун 300 минг сўмдан пул талаб қилаётгани айтилган видео тарқалган.

«Ушбу ҳолат ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилмоқда. Тез орада қонуний хулосалар берилишини маълум қиламиз», – дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги айрим мактабларда директорлар томонидан ўқитувчиларни ўзига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилиб мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Шунингдек, ёзги таътил давомида мактаб таъмири учун ёки мактабларга келадиган текширувчиларни баҳона қилиб ўқитувчилардан пул йиғиб олиш ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.

 

Top