14:50 / 05.10.2021
7224

ОАВ: Афғонистоннинг қўшни давлатлардан электр энергияси учун қарзи 62 миллион доллардан ошган

Афғонистон қўшни давлатлар: Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга қарзларини тўлашга ваъда бериб, электрни ўчирмасликни сўрамоқда.

Фото: Unsplash

Афғонистоннинг қўшни давлатлардан электр энергияси учун қарздорлиги қарийб 62 миллион долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда ТОLO News маълумотларига таяниб, ТАСС нашри хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Афғонистоннинг DABS энергетик корпорацияси электр энергиясини экспорт қилувчи қўшни давлатлар — Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга қарзларини тўлашни ваъда қилиб, электр энергиясини ўчирмасликни сўраган.

Шунингдек, DABS қарзларни тўлашга ёрдам бериш учун БМТнинг мамлакатдаги ёрдам миссиясига ҳам мурожаат қилган.

Қайд этилишича, компания етарли ёрдам ололмаса, электр учун «пул тўламаган афғонлар»га босим ўтказишга мажбур бўлади.

Маълумот учун, 6 сентябрда «Толибон» бутун Афғонистон ҳудудини ўз назоратига олганини, 7 сентябрда эса муваққат ҳукумат тузганини эълон қилганди. Кўрилган чораларга қарамай, Афғонистондаги иқтисодий вазият ўта оғирлигича қолмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида Афғонистон давлат захираларининг (9,4 миллиард доллар) АҚШ томонидан музлатиб қўйилганини келтириб ўтиш мумкин.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top