10:19 / 05.10.2021
6402

Цукерберг Facebook ва Instagram ишидаги узилишлар сабабли бир кун ичида 7 млрд доллар йўқотди

Facebook компанияси асосчиси Марк Цукерберг компанияга тегишли Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари ва WhatsApp мессенжери ишидаги узилишлар сабабли 4 октябрда 7 млрд доллар йўқотди.

Фото: Getty Images

Bloomberg ахборот агентлигининг хабар беришича, носозликлардан кейин Цукербергнинг бойлиги бир неча соат ичида 7 млрд долларга камайиб, 120,9 млрд долларгача қисқариб кетган. Бунинг оқибатида у Bloomberg’нинг дунёнинг энг бадавлат одамлари рўйхатида 3-ўриндан 5-ўринга тушиб кетган.    

Таъкидланишича, Facebook’га тегишли хизматлар ишидаги муаммолар сабабли компания акциялари 5 фоизга арзонлашиб кетган.

Айни вақтда хизматлар иши тикланган. Цукерберг фойдаланувчилардан етказилган ноқулайликлар учун узр сўраган.

“Facebook, Instagram, WhatsApp ва Messenger тармоққа қайтмоқда. Бугунги кунги носозлик учун узр сўрайман. Мен яқин одамларингиз билан алоқада қолиш учун хизматларимизга қанчалик ишонганингизни биламан”, деб ёзган Цукерберг Facebook’даги саҳифасида.

4 октябрда Тошкент вақти билан соат 18лар атрофида Facebook, Instagram ва WhatsApp ишида глобал носозликлар кузатилди. Дунё бўйлаб ўн миллионлаб фойдаланувчилар ижтимоий тармоқлар ишида узилишлар кузатилаётганини маълум қилишган.

Таъкидланишича, Facebook хизматлари ишида 7 соат давом этган узилиш бунгача қайд қилинган узилишлар ичида энг кенг кўламлиси бўлган.

Кейинроқ узилишларга конфигурациянинг хато ўзгартирилиши сабаб бўлгани маълум қилинган. Таъкидланишича, бунинг оқибатида фойдаланувчилар маълумотларига зарар етмаган. 

Top