20:01 / 07.10.2021
24102

“Пиёда ҳаётини ҳайдовчига топшириб қўймоқда”. Фожиали ЙТҲлар ҳақида эксперт билан суҳбат

Ўзбекистон йўлларида фожиали йўл-транспорт ҳодисалари ошиб бормоқда. Ҳайдовчиларнинг худбинлиги ва бепарволиги ортидан минглаб инсонлар ҳалок бўлмоқда, яна минглаб одамлар бутун умрга мажруҳ бўлиб қолмоқда.

Кўп ҳолатларда тезлик меъёридан ошириб юборилиши оқибатида бир неча автомобиллар иштирокида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисалари рўй беряпти. 2021 йил январ-июн ойларида содир бўлган ЙТҲлар 954 кишининг умрига зомин бўлган.

Ички ишлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, республикада жорий йил 9 ойида 6 551та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган, улардан 1 682таси ўлим билан тугаган. Жароҳат олганлар сони 5 920 кишини ташкил этган. Ҳодисаларнинг аксариятига тезликни меъёридан ошириш сабаб бўлган.

Kun.uz йўл ҳаракати қоидаларидаги муаммолар, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар ҳақида Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси Экспертлар кенгаши аъзоси Носиржон Зокиров билан суҳбатлашди.

Қуйида суҳбатдан асосий иқтибослар келтириб ўтилади.

“Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишни мактабдан бошлаш керак”

— Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабабларидан бири – болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатмасликдир. Илгари ҳар бир синф учун йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш учун 17 соат дарс белгиланган эди. 2008 йили “Йўл ҳаракати қоидалари” фанидан дарс берувчи ўқитувчилар республика танловида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлганим ёдимда. Аммо, кейинчалик, нима учундир, бу дарслар олиб ташланди.

Мен ушбу фанни тиклаш бўйича неча йиллардан буён мутасадди идораларга мурожаат қилиб келяпман, бироқ таклифларим “қумга синган сув”дек йўқ бўлиб кетмоқда.

“Тарбиявий соат доирасида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиб бўлмайди”

— Халқ таълими вазирлиги фақат биринчи синфлар учун тарбиявий соатлар таркибида йўл ҳаракати қоидалари ўргатилишини айтиб келади. Лекин, биринчи синф доирасида эмас, тизимли равишда, ёшга мослашган ҳолда ташкил этилиши керак. Қолаверса, ўқитувчининг ўзи йўл ҳаракати қоидаларини билмаса, унда дастур ёки ўқув режаси бўлмаса, у қандай қилиб болаларга бу қоидаларни ўргатиши мумкин?

Бундай таълимда энг ёмони, ўқитувчи болаларга пиёдалар ўтиш жойидан бемалол ўтаверишини, транспорт воситалари уларга йўл беришини сингдириб қўйишидир. Биз, йўлда ҳаракатланиш маданиятини, ўз ҳаётини аввало ўзи асраб қола олишини уларга сингдириб боришимиз зарур.

“Онлайн дарсларимиз нима учундир эфирга кетмади”

— 1-4-синфлар учун биз алоҳида дарслик ёздик. Онлайн намойиш этиш учун видеодарсликлар олинди. Аммо кўрсатув нима учундир эфирга узатилмади. Ўқувчи бола юқори тезлик чекланган белгисини билиши шарт эмас. Бола кўпроқ виртуал ҳаётда яшагани боис, тормоз йўлини билиши керак. У мултфилмлар кўрганда автомобиллар бирданига ва истаган вақтда тўхтай олишига ишониб қолади.

Болага ўзимиз нотўғри ўрнак кўрсатсак, яъни хавфсизлик камари тақмасак, қизил чироқда ҳаракатлансак ва ҳоказо, “қуш инида кўрганини қилади”, каби ундан ўпкаламасак ҳам бўлади.

“Пиёдалар ўз ҳаётини ҳайдовчига топшириб қўймоқда”

— Пиёдалар маданияти жудаям паст. Истаган жойдан ўтиб кетади ва ўз ҳаётини бутунлай ҳайдовчи қўлига топшириб қўймоқда. Пиёда ҳайдовчи уни кўришига ва автомобилни тўхтатишига юз фоиз ишониб қоляпти. Аслида ундай эмас. Бундан ташқари, йўлда ҳаракатланишда тротуар бўлса ҳам, қатнов қисмидан юрамиз, қарама-қарши эмас, автомобиллар ҳаракати бўйича юрамиз.

Мирбозорда рўй берган ЙТҲни таҳлил қилдим. Унда пиёда юк транспорт воситаси келаётганини кўрса ҳам, йўл беради, деб ўйлаб қатнов қисмига чиқиб кетяпти ва афсуски, у ҳалок бўлди. Йўл ҳаракати қоидаларида пиёда йўлнинг қатнов қисмини яқинлашиб келаётган автомобил билан оралиқдаги масофа ҳамда унинг тезлигини чамалаб кўриб, ўзи учун хавфсиз бўлганда кесиб ўтиши белгиланган.

Яқинда яна бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. Аёл киши икки фарзанди билан йўлни белгиланмаган жойда кесиб ўтмоқда. Улгуролмагач, икки фарзанди билан йўлнинг қатнов қисмини ажратиб турувчи икки сидирға чизиқ устида турибди. Бу чизиқ уни хавфдан асраб қололмайди, чунки у ер хавфсиз макон эмас. Фарзандлари ёки ўзи олдинга ё орқага бехосдан ҳаракатланиб қолиши мумкин.

Одатда, кўп ҳолларда, ҳайдовчидан айб қидиришади. Аммо пиёданинг ҳам айби улкан. Бирор корҳол бўлгач, ҳайдовчини айблаш ёки уни минг марта жазолаган билан пиёданинг ҳаёти ёки соғлиғи ортга қайтмайди.

“Ўзбекистонда ерусти ва ерости пиёдалар ўтиш йўллари етишмайди”

— Тошкентда ва умуман, Ўзбекистонда ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш жойлари фавқулодда равишда етмайди. Уларни кўпроқ қуриш керак. Пиёда ҳам ўз ҳаётини ўзи асраши керак. Ҳар доим ҳайдовчини айблайвериш оқибатида пиёдада у ҳар доим ҳақ деган тушунча пайдо бўлади.

Ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш жойи – энг хавфсиз ўтиш жойи. Баъзида одам ўзини ўз соғлиғи учун ҳам озгина қийнаши керакмикан?!

Ҳайдовчилар савияси ҳақида

— Ҳайдовчиларнинг савияси – жуда ҳам оғриқли масала. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мингдан ортиқ ўқув курслари фаолият юритмоқда. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб беради, дея олмайман. Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда ўқув курси қиймати орқали носоғлом рақобат юзага келди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини бошқа идора бергани боис, ўқув курслари ҳайдовчиликка даъвогар ўқишни тезроқ битиришидан манфаатдор бўлиб қолди.

“Ҳайдовчилик имтиҳонлари совет давридан қолган”

— Қолаверса, имтиҳон олиш тизими қониқарли эмас. Ҳозирги мавжуд имтиҳон олиш тизими 1987 йилдаги собиқ иттифоқ давридан қолган. Ундаги тест саволларида амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”да мавжуд бўлмаган саволлар ҳам бор. Маънавий ва техник эскирган саволлар бор. Саволларга илова қилинган суратларни бевосита жараён иштирокчиси сифатида эмас, учинчи шахс, томошабин кўзи билан кўрасиз.

“Ўзбекистонда йўл белгилари деярли йўқ”

— Парламентнинг 2020 йил сентябрда бўлиб ўтган ялпи мажлисда Ўзбекистонда 408 минг йўл белгиси етишмаслиги айтилди. Бу, Ўзбекистон йўлларида йўл белгилари деярли йўқ экан, деган таассурот уйғотади.

Ўнг томонга чизилган сариқ чизиқни оладиган бўлсак, аслида бу “тўхташ тақиқланган” белгининг таъсир доирасини билдириб, қисқа масофага чизилиши керак, аммо, ҳозирги кунда бу чизиқ ўз мақсади бўйича қўлланилмаяпти.

Тўлиқ суҳбатни видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Top