14:48 / 12.10.2021
8283

Депутатлар «прописка» сўзини маънавий эскиргани учун қонунчиликдан чиқариб юборишмоқчи

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «прописка» сўзи маънавий эскиргани ҳамда бу атама фуқаролар онгида «тўсқинлик қилувчи», «бир жойга боғланган», «эркинликни чекловчи» деган тушунчаларни келтириб чиқараётганини билдирди.

Шу сабабли «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан айрим қонун ҳужжатларидаги «доимий прописка қилиш» тушунчалари «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчасига ҳамда «турган жойи бўйича ҳисобга олиш» тушунчалари «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаларига алмаштирилмоқда.

Депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган мазкур қонун лойиҳаси билан, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда фуқаро ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаганида, яроқсиз ҳолга келтирганда ва йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги чиқариб ташланмоқда. «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга кўпайтирилган миқдордаги давлат божи ҳақида тушунча ҳамда бошқа кўплаб қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

«Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллаш амалиётида «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш», «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» ҳамда идентификацияловчи ID-карта тушунчалари билан боғлиқ бўшлиқлар бартараф этилишига олиб келади», – дейилади қуйи палата хабарида.

Top