10:00 / 12.10.2021
2817

“Ўзбекинвест”: компания TAF!21 Тошкент реклама фестивалининг иккита номинацияси бўйича ғолиб деб топилди

“Ўзбекинвест” суғурта компанияси “Энг яхши суғурта компанияси” махсус номинацияси билан тақдирланди ҳамда “Ребрендинг” ва “Янги маҳсулот ва хизматни жорий этиш” номинациясида биринчи ўринни эгаллаб иккита олтин мукофотга сазовор бўлди.

Жорий йилнинг 10 сентябридан 1 октябригача мамлакат аҳолиси Ўзбекистон Маркетинг Ассоциацияси (ЎзМА) томонидан ташкиллаштирилган маркетинг, креатив, брендинг ва реклама соҳасидаги 10 номинацияда энг яхши ижодий лойиҳаларни танлаб олиш имкониятига эга бўлишди. Бу йил овоз бериш шакли бироз бошқачароқ бўлиб, иштирок этиш учун 322 та ариза топширилди ва истеъмолчилар биринчи марта уларга кўпроқ маъқул келган энг зўр лойиҳаларга овоз беришди.

Танлов натижаларига кўра, кўпчилик истеъмолчилар “Ўзбекинвест”га овоз беришди ва компания иккита номинацияда – мамлакат автомобил эгалари учун янги суғурта маҳсулоти – КАСКО 2.0 ни жорий этиш ҳамда “Ўзбекинвест” жамоаси томонидан маркетинг соҳасидаги етакчи мутахассислар билан биргаликда амалга оширилган компаниянинг ребрендинг лойиҳа учун – биринчи ўринларни эгаллади.                   

Шунингдек, мамлакат маркетинг ва суғурта соҳасини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳамда Ўзбекистон Маркетинг Ассоциацияси билан узоқ йиллик ҳамкорлик учун “Ўзбекинвест” “Йилнинг энг яхши суғурта компанияси” номинацияси билан тақдирланди.

“Ўзбекинвест” жамоаси барча мижозлар ва ҳамкорларига билдирилган ишонч ва қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдиради.

“Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ Матбуот хизмати

Top