11:32 / 14.10.2021
17190

Қизил китобга киритилган 280 млн сўмлик лочинларни сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ДХХ билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган лочинларни табиатдан ажратиб олиб, пуллашга уринган шахслар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz'га хабар берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги «Камаз» юк автотранспорт воситаси «Сирдарё» чегара божхона постида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Текширувда салондаги спорт сумкасига 8 бош лочин яширилгани аниқланган.

«Қушларга шафқатсизларча муносабатда бўлинган, жонзотлар сумкага уларнинг ҳаёти учун хавфли тарзда зичлаб жойлаштирилган. Шу куни тезкор тадбир Сирдарё туманида ҳам давом эттирилиб, ушбу қушларни сотиб олаётган шахс ҳам қўлга олинди.

Мазкур ҳолатда ушлаб қолинган 8 бош лочин Ўзбекистоннинг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига киритилган ва табиатан камёб ҳисобланади ҳамда уларни овлаш тақиқланган. Лочинларнинг 6таси Қизил китобга Итолғи номи билан киритилган бўлиб, улар тобора йўқолиб бораётган тур ҳисобланади», – дейилади қўмита тақдим қилган маълумотда.

Шунингдек, суриштирувлар давомида қонунбузарлар ушбу қушларни 280 миллион сўмга пулламоқчи бўлгани маълум бўлган. Ҳозирда лочинлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақловга топширилди ва мутахассисларнинг доимий назорати остида парваришланмоқда.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top