16:03 / 16.10.2021
5582

Баҳром Абдуҳалимов илм-фан билан шуғулланувчиларга бепул уй-жойлар таклиф қилмоқчи

Ўзбекистон президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурида адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этиш учун таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўришини маълум қилди.

Фото: «Адолат» СДП

«Адолат» партияси номзоди бу борада бир қанча таклифларни илгари сурган:

«Бунинг учун биз таълим ва илм-фан билан шуғулланувчиларга бепул уй-жой таклиф қиламиз. Илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағ 2030 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига қадар ошади, уни давлат бюджетидан молиялаштиришни босқичма-босқич таъминлаш зарур, деб ҳисоблаймиз», – дейилади номзоднинг сайловолди дастурида.

Шунингдек нафақат олимлар, балки ҳар қандай ихтиро ва ихтирочилар қўллаб-қувватлаб рағбатлантирилиши ва уларга зарур шароитлар яратилиши айтилган.

«Бугунги кунда эътибордан четда қолаётган иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш чораларини кўрамиз.

Мамлакатимизда фундаментал фанлардан олинган ижобий натижаларни тиббиёт ва соғлиқни сақлаш; қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар; гидрология ва сув муаммолари; энергетика, муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялар; экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларга жорий қилиш ишларини изчиллик билан олиб бориш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаймиз», – дейилади Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастурида.

Аввалроқ, Баҳром Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурида олий таълим муассасаларидаги квоталарни йўқ қилиш, уй-жойлар нархини кескин пасайтириш, Президент администрацияси  ва ҳукумат биноларини Тошкентдан ташқарига чиқариш, монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўйиш ҳамда барча фуқароларнинг катта миқдордаги харажатларини декларациялашга доир таклифларни илгари сурганди.

Top