12:10 / 21.10.2021
1380

«Узоқ йиллар мобайнида Жиззахга марказдан етарли эътибор берилмаган» - Шавкат Мирзиёев

Жиззах вилоятига сўнгги йилларда жалб қилинган инвестициялар ҳажми 8,5 баробарга, тўғридан тўғри хорижий сармоялар 14 баробарга кўпайган. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Биз янги Ўзбекистонни қуришнинг биринчи кунларидан бошлаб “халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилади”, деган сиёсатни энг устувор вазифа ва тамойил сифатида ўзимизга белгилаб олдик. Шу улуғ мақсад йўлида дастлабки муҳим қадамларни қўйдик. 

Барчангиз яхши биласизлар, илгари узоқ йиллар мобайнида Жиззахга марказдан етарли эътибор берилмагани оқибатида вилоятнинг кўплаб соҳаларида тизимли муаммолар йиғилиб қолган. Шунча табиий ресурслар ва қазилма бойликлар бўла туриб, вилоятда биргина “Аккумулятор заводи” ва пахта тозалаш корхоналаридан бошқа саноат деярли йўқ эди.

Сўнгги беш йилда амалга оширган ислоҳотларимиз натижасида Жиззахда ҳам сезиларли ўзгаришлар кўзга кўриниб қолди. Хусусан, вилоятга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 8,5 баробарга, тўғридан тўғри хорижий сармоялар 14 баробарга кўпайган. Шунингдек, 3 мингдан зиёд янги лойиҳалар ишга туширилиб, саноат маҳсулотлари ҳажми бир неча баробарга ошди. Мактабгача таълим қамрови 16 фоиздан 67 фоизга етказилди. Аҳоли учун 11 минг хонадонли уйлар қурилди. 

Шу билан бирга, вилоятдаги мавжуд муаммоларни барчамиз жуда яхши биламиз. Шу боис, эришилган натижаларга маҳлиё бўлмасдан, вилоятдаги 80 мингдан зиёд ишсизлар бандлигини таъминлашимиз, ҳар йили меҳнат бозорига кириб келадиган 30 мингга яқин ёшларимизнинг келажаги учун, мустаҳкам замин яратишимиз шарт. Бунинг учун вилоятда ҳосилдор ер, қазилма бойликлар, меҳнаткаш аҳоли ва қулай транспорт коридорлари мавжуд.

Шулардан келиб чиқиб, келгуси беш йилда “ислоҳотларимиз инсон қадрини улуғлаш учун” тамойили асосида шаҳар, туман, маҳалла ва қишлоқларни ривожлантириш, халқимизга муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича янги режа ва дастурларни сиз – азиз ҳамюртларим билан маслаҳат қилмоқчиман”, деди президентликка номзод.

Top