10:22 / 28.10.2021
1452

Сирдарёда содир этилган коррупцияга оид жиноятлар оқибатида 26,6 млрд сўм зарар етказилган

Сирдарё вилоятида жорий йилнинг 9 ойи давомида коррупцияга қарши курашиш борасида 225 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида 299 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 74 нафари қамоққа олинган ва аксарият қисми суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда вилоят прокурори Шоҳрух Аминов 2021 йил 27 октябр куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Жавобгарликка тортилганларнинг 48 нафари вилоят ва 251 нафари туман (шаҳар) даражасидаги хизматчилар ҳисобланади. Жиноят содир этган давлат хизматчилари ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Гулистон шаҳрида 80, Боёвут туманида 39, Янгиер шаҳрида 28, Сирдарё туманида 24, Мирзаобод туманида 23, Оқолтин ва Сайхунобод туманида 21, Гулистон ва Сардоба туманида 20, Ховос туманида 17 ва Ширин шаҳрида 6 нафарни ташкил этади.

Ушбу содир этилган жиноятлар оқибатида давлатга 26 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланиб, ушбу зарарларнинг қарийб 85 фоизи дастлабки тергов жараёнида ундирилиши таъминланди. Зарарнинг қолган қисмини ҳам бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишлари доирасида ундириш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Гулистон шаҳрида 9,8 млрд сўм, Янгиер шаҳрида 2,8 млрд сўм, Сайхунобод туманида 2,4 млрд сўм, Сардоба ва Ховос туманида 2 млрд сўмдан бўлиб, қолган ҳудудларга нисбатан анча юқори кўрсаткич қайд этилган.

Булар айниқса қурилиш (76 нафар), халқ таълими (36), соғлиқни сақлаш (15), банк (13) ва мактабгача таълим (9) соҳаларида кўпроқ учраган. Хусусан, қурилиш соҳасидаги талон-торожликлар бўйича етказилган зарар миқдори қарийб 12 млрд сўмни ташкил этади. «С.С.» МЧЖ раҳбари Ж. Сирдарё туманидаги мактабгача таълим муассасаси, Гулистон ва Мирзаобод туманидаги ичимлик ва оқова суви тизими қурилишида 2,807 млрд сўмлик иш ҳажмини ҳисоботларга қўшиб ёзиб, бюджет маблағларини талон-торож қилган. Ҳозирги кунда суд олдида жавоб бермоқда.

Фото: Kun.uz

Боёвут тумани халқ таълими бўлими муҳандиси А. фуқаро Э.дан мактабларни иситиш тизимини таъмирлаш ишлари бўйича «Ф.С.» МЧЖ билан шартнома тузиб бериш эвазига 1400 АҚШ доллари ва 300 минг сўм пулларни пора тариқасида олган вақтида ушланган.

Top