Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Боғот туман инспекцияси давлат инспекторлари томонидан ўтказилган экологик рейд тадбирида дарахтларни ноқонуний кесиб ташлаш ҳолати аниқланган.
Жумладан, «Деҳқонобод» маҳалласида яшовчи фуқаро М.Х. тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ўзбошимчалик билан турли ёшдаги 8 туп гужум дарахтини ноқонуний равишда кесиб олган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари, яъни 1,35 млн сўм миқдорида жарима ва табиатга етказилган 39,9 млн сўм зарар ҳисобланган.
Аввалроқ, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Хоразм вилоятида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 70 фоизга ошгани ҳақида хабар берилган эди.