17:38 / 01.11.2021
15465

Маск БМТ унинг саволига жавоб бера олса дунёдаги очлик муаммосини ҳал этиш учун 6 млрд доллар беришга тайёрлигини айтди

27 октябр куни WFP ижрочи директори Дэвид Бисли миллиардерлар Илон Маск ва Жефф Безосни «олға қадам ташлашга» — 6 млрд доллар хайрия қилишга чақирганди.

Фото: ТАСС / Patrick Pleul / dpa / picture-alliance / МР

Дунёнинг энг бой одами, америкалик миллиардер Илон Маск 6 млрд доллар маблағ дунёдаги очлик муаммосини ҳал қила олишига шубҳа билдирди. У БМТнинг жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) вакиллари бу қандай амалга ошишини тушунтириб беришса, Tesla акцияларини сотиб ўша пулни хайрия қилишга тайёрлигини билдирди.

«Агар WFP қандай қилиб 6 млрд доллар дунёдаги очлик муаммосини ҳал қилишини тушунтириб берса, мен ҳозироқ Tesla акцияларини сотаман», — деб ёзди Маск твиттерида.

Унинг қўшимча қилишича, изоҳда молиялаштириш ва маблағларни сарфлаш бўйича очиқ маълумотлар бўлиши лозим.

27 октябр куни WFP ижрочи директори Дэвид Бисли CNN эфирида миллиардерлар Илон Маск ва Жефф Безосни «олға қадам ташлашга» — 6 млрд доллар хайрия қилишга чақирганди.

Бислининг сўзларига кўра, бу маблағ 42 млн кишининг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Илон Маск ўтган ҳафтада дунёнинг энг бой одамига айланди. 25 октябр куни унинг бойлиги миқдори 271,3 млрд долларга етди.

Top