08:22 / 02.11.2021
16213

АҚШга борувчи ўзбекистонликларга мамлакатга киришда қўшимча талаблар қўйилгани эслатилди

Фото: Kun.uz

АҚШга ташриф буюришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига мамлакатга киришда қўшимча талаб қўйилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2021 йил 8 ноябрдан бошлаб АҚШга кирувчи хорижий мамлакатлар фуқаролари Қўшма Штатларга жўнаб кетаётган самолётга чиқишидан олдин COVID-19’га қарши тўлиқ эмланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши шарт.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказига кўра, Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси томонидан тасдиқланган ёки рухсат этилган, шунингдек, ЖССТ томонидан фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун рўйхатга олинган вакциналар Қўшма Штатларга кириш учун мақбул деб ҳисобланади.

Бу чекловлар иммиграция визаси мавжуд шахсларга, дипломатик ва расмий каналлар орқали АҚШга ташриф буюрадиганлар, 18 ёшгача бўлган болаларга тааллуқли эмас (қўшимча маълумотлар элчихона сайтида мавжуд).

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига юқоридаги талабларни инобатга олишни тавсия қилган.

Top