07:34 / 04.11.2021
4034

Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битим тасдиқланди

“Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

Қарор билан 2021 йил 11 мартда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон ҳукумати ва Қирғизистон ҳукумати ўртасида Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги битимни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.

Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармаси тўғрисидаги битим жорий йил март ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган.

Жамғарма иқтисодиётни модернизация қилиш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилди. Вазифалар, функциялар, тузилиши ва ишлаш тартиби, бошқарув органларининг ваколатлари низомда белгиланади. Жамғарманинг бош қароргоҳи Бишкек шаҳрида жойлашган бўлади.

Жамғарма икки давлат иқтисодиётларининг устувор соҳаларидаги ўзини ўзи қоплайдиган лойиҳаларга кредитлар бериши, хўжалик юритувчи субъектларни молиялаштириши режалаштирилган.

Жамғарма қуйидаги соҳаларда инвестиция бериш кўзда тутилган: агросаноат комплекси; тикувчилик ва тўқимачилик саноати; ишлаб чиқариш саноати; кон-металлургия саноати; транспорт; уй-жой қурилиши; савдо; тадбиркорликни ривожлантириш; энергетика комплекси; инфратузилмани ривожлантириш; туризмни ривожлантириш.

Жамғарманинг устав капитали 50 миллион долларни ташкил этади.

Top