16:12 / 05.11.2021
1634

Ургутда мактаб олдида қоидаларни бузган ҳолда гуруҳ бўлиб ҳаракатланган ҳайдовчиларга чора кўрилди

Ургут туманида «Жигули» машиналари билан мактаб олдида қоидаларни бузиб, гуруҳ бўлиб ҳаракатланган ҳайдовчиларга чора кўрилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ҳайдовчиларнинг «Жигули» машиналари билан мактаб олдида гуруҳ бўлиб ҳаракатлангани ва хавфли хатти-ҳаракатлар қилгани тасвирланган видео тарқалган. Қоидабузарлар айрим машиналарнинг давлат номерини ечиб олиб, шунингдек болаларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб ҳаракатланган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан видеодаги ҳолат бўйича суриштирув олиб борилган.

Суриштирувларда, мазкур ҳодиса сентябр ойида Ургут туманидаги Чорчинор ва Сўфиён маҳаллаларида, шунингдек 144-мактаб олдида содир этилгани маълум бўлган ва ва қоидабузар ҳайдовчилар топилиб уларнинг шахсига аниқлик киритилган.

Қайд этилишича, машиналар вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилган. Қоидабузар ҳайдовчилар билан профилактик суҳбат ўтказилган ва уларнинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Top