18:33 / 11.11.2021
13988

Даврон Ҳидоятов маҳаллий газеталар обунаси учун яна 505 млн сўм ажратди

Тошкент вилоятида солиқ тўловчиларнинг 1,5 млрд сўми учта газета обунаси учун ажратилди. Бу учта нашрдан иккитаси бевосита ҳокимлик муассислигида чиқади.

Фото: Kun.uz

Бугун, 11 ноябр куни Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов “Ижтимоий обуначиларга ижтимоий-маданий газеталар учун обуна бўлишни ташкиллаштириш тўғрисида” фармойиш имзолади.

Фармойишда мазкур ҳужжат учун Президент администрацияси раҳбарининг 2021 йил 27 январдаги 02-PA 1-1905-сон топшириғи ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 октябрдаги 01-07/1-2195-сон йиғилиш баёни асос бўлгани ёзилган.

“Маҳаллий бюджетнинг 2021 йил III чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан вилоятдаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ёлғиз кексалар учун ижтимоий-маданий газеталарга обуна бўлиш ва ижтимоий обуначилар рўйхатини шакллантирган ҳолда ушбу газеталар ўз эгаларига тарқатилишини ташкиллаштириш мақсадида иловага мувофиқ вилоят ҳокимлигига 505 120,0 (беш юз беш миллион бир юз йигирма) минг сўм маблағ ажратилсин”, – дейилади ҳужжатда.

1 июлдан ҳокимларнинг қарор ва фармойишлари E-qaror порталида эълон қилиниши мажбурий бўлди.

Фармойиш иловасидан кўринишича, вилоят ҳокими обуна учун шу йилнинг 9 март ва 20 май кунлари ҳам мос равишда қарийб 510 млн ва 498 млн сўмдан маблағ ажратган. Учта траншнинг жами суммаси – 1 млрд 512 минг 660 сўм.

Иловага кўра, ижтимоий-маданий газеталар тоифасига фақат учта нашр киритилган. Булар – “Тошкент ҳақиқати”, “Ташкентская правда” ва “Адабиёт зиёси” газеталаридир.

Дастлабки икки нашрдан келиб чиқилса, фармойишда мантиқ кўринади: ҳокимлик 100 фоиз ўзининг муассислигидаги газетани ўзи сотиб олиб, муҳтожларга тарқатмоқчи.

Бироқ муҳтожлар ўзлари тўлаётган солиқлар эвазига айнан “Тошкент ҳақиқати”ни ўқишни истайдими ёки бошқа газетаними (балки умуман газета ўқишни истамас?), бу борада ижтимоий ўрганишлар олиб борилгани ёки борилмагани маълум эмас.

Фармойишда саналган нашрлар айнан кимларга етказиб берилишига ҳам аниқлик киритилмаган. Афтидан, Тошкент вилоят ҳокимлиги “ижтимоий обуначилар” деган янги терминни муомалага киритмоқда.

Матбуотни қўллаб-қувватлаш фақат ўз тасарруфидаги нашрлар доирасида давом этар экан, шу нашрлар халқ дардини ёритиш асносида ҳокимликнинг ёки бевосита ҳокимнинг бирор фаолиятини танқид қилишига ишониш мумкинми?

Учинчи нашр – “Адабиёт зиёси” газетаси қандай қилиб бу рўйхатга кириб қолгани ва нега айнан унга энг катта ададда буюртма берилгани қизиқ.

“Адабиёт зиёси” газетасининг орқа саҳифасида муассис Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими деб кўрсатилган. Газетанинг бош муҳаррири Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ҳисобланади.

У шунингдек, Тошкент вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов каби Олий Мажлис Сенатига Тошкент вилоятидан сайланган сенатор ҳамдир.

Маълумот учун, айни пайтда Kun.uz Тошкент вилоятидаги муҳум стратегик давлат объектини қуриб битирган тадбиркорнинг бир неча юз миллион сўм пулини вилоят ҳокимлигидан ололмаётгани ҳақидаги мурожаатини ўрганмоқда. 

Аввалроқ, вилоят маркази Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова шарафига ҳайкал ва истироҳат боғи қуриш учун 28 миллиард сўм маблағ ажратилгани танқидларга сабаб бўлганди.

Top