13:42 / 11.11.2021
1346

Сирдарёда сохта ҳужжатлар орқали 500 млн сўм кредитни қўлга киритган фирибгарлар фош этилди

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида сохта ҳужжатлар орқали 500 млн сўм кредитни қўлга киритган фирибгарлар фош этилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан ҳудудий тижорат банки филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар Д.Х., Д.М. ва бошқалар ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида олдиндан тил бириктириб, «T.» МЧЖ раҳбари Б.ни алдаб, МЧЖ номига кредит олиш учун «MAN» русумли юк автотранспорт воситасини фуқаро Х.нинг номига сохта маълумотлар киритиш йўли билан гаровга қўйиб, банк муассасасидан 500 млн сўм кредит ажратишга эришиб, ушбу кредит маблағларини шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Сирдарёда эмланганлик тўғрисида сохта ҳужжат тайёрлаб бериш эвазига пора олган шифокор ушланганлиги хабар қилинган эди.

Top