21:03 / 16.11.2021
18836

Меркель Лукашенко билан гаплашди, мигрантлар ҳужум қилмоқда. Чегарадан сўнгги хабарлар

Европа иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари Брюсселдаги учрашувда сўнгги ҳафталарда давом этаётган миграция инқирози туфайли Беларусга санкциялар қўллаш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу вақтда Беларусь-Польша чегарасидаги «Кужница» пунктида тўпланган юзлаб мигрантлар польшалик чегарачиларни тошбўрон қилишга киришди, бунга жавобан водомёт қўлланмоқда.

Душанба куни чегара чизиғига бир неча юз мигрант келди, аммо польшалик чегарачилар уларни ўтказмади.

Европа иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий комиссари Жозеп Боррель Беларусга қарши санкцияларнинг бешинчи раунди компанияларга ва хусусий шахсларга алоқадор бўлишини маълум қилди, унинг якуний тафсилотлари яқин кунларда келишилади.

Ирландия ташқи ишлар вазири Саймон Ковенининг аниқлик киритишича, ЕИ Беларусь давлат авиакомпанияси бўлмиш «Белавиа» билан самолётларни лизингга бериш бўйича шартномаларни бекор қилади. «Ёки улар бу самолётларни қайтаришади, ёки, билишимча, судга мурожаат қилинади», дея унинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги. Ковени «Белавиа» тасарруфидаги 30 самолётдан 17тасидан ирланд компаниялари билан лизинг бўйича келишув асосида фойдаланилади.

Душанба куни АҚШ томони ҳам миграция инқирозини «ғайриинсоний рағбатлантириш» туфайли Беларусга қарши янги санкциялар қўлланиши ҳақида маълум қилди. АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Нед Прайс журналистларга бундай чоралар «Лукашенко режимини кейин ҳам демократия, инсон ҳуқуқлари ва халқаро нормаларга қилинаётган тинимсиз ҳужумлари учун жавобгарликка тортишга ёрдам беради». У айнан қандай санкциялар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган.

Меркель Лукашенко билан гаплашди
Душанба куни кечқурун Германия канцлери Ангела Меркель миграция инқирозини муҳокама этиш учун Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу 2020 йилги президентлик сайловларидан кейин илк марта (Ғарб сайлов натижалари сохталаштирилган деб ҳисоблайди) Беларусь президенти ва Ғарбнинг бирор давлати етакчиси ўртасида ўтказилган илк телефон мулоқоти бўлди.

Германия етакчиси расмий вакили Штеффен Зайберт Меркель ва Лукашенко «Беларусь ва Европа иттифоқи чегарасидаги мураккаб вазиятни муҳокама қилган, унда бу ерда бўлиб турган мигрантлар ва қочқинларга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш зарурлиги урғу қаратгани»ни тасдиқлади.

Беларусь давлат агентлиги «Белта» хабарига кўра, Меркель ва Лукашенко 50 дақиқага яқин суҳбатлашган ва «асосан Беларусь-Польша, Беларусь-Литва ҳамда Беларусь-Латвия чегараларидаги вазиятни муҳокама қилган». «Мулоқот чоғида чегарадаги вазият кескинлашувига йўл қўймаслик учун миграция муаммосини ҳал қилиш йўллари ва истиқболлари батафсил кўриб чиқилди», дея хабар беради агентлик Лукашенконинг матбуот хизматига таянган ҳолда.

Шу куни Россия президенти Владимир Путин ҳам Франция президенти Эммануэль Макрон билан худди шу масалани муҳокама қилган.

Чегарадаги тўқнашувлар

LEONID SHCHEGLOV/BELTA/TASS

15-16 ноябрь кунлари чегарада вазият кескинлашди. 15 ноябрь куни, Беларусь-Польша чегарасида тўпланганига бир ҳафта бўлган уч мингга яқин мигрантлар ўрмон ичидаги палаткаларини йиғиштириб, «Брузги — Кузница» чегара ўтказиш пунктининг ёпиқ ҳудудига кўчиб ўтишди. Польша мудофаа вазирлиги мигрантлар чегаранинг бу ҳудудига Беларусь куч ишлатар тузилмалари ҳамроҳлигида келганини маълум қилди.

Леонид Щеглов / БелТА / AFP / Scanpix / LETA

Биринчи куни қочқинлар чегарани бузиб ўтиш учун ҳаракат қилишмади ва назорат-ўтказув пункти ёнгинасида янги лагерь қуришди, палаткалар ўрнатилиб, гулханлар ёқилди. Лекин тунда, Польша мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, тўрт нафар беларусь офицери чегара деворига зарар етказишга уринган ва 11 нафар мигрантни тўсиқдан ўтишга мажбурлаган, аммо польшаликлар бунга тўсқинлик қилишган.

Мигрантлар Беларусь ва Польша чегарасидаги ўтказиш пунктини ишғол қилишди
Леонид Щеглов / БелТА / ТАСС / Scanpix / LETA

16 ноябрь куни мигрантларнинг бир гуруҳи польшаликлар ўрнатган тўсиқлардан ошиб ўтишга ҳаракат қилган. 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда чегаранинг Беларусь томонидан келаётган мигрантлар тўсиққа яқинлашиб, полициячилар сафига қарата тошлар, калтаклар, металл парчалари ва турли буюмларни улоқтираётгани, уларни инглиз тилидаги сўзлар билан бўралатиб сўкаётганини кўриш мумкин. Польшаликлар эса қалқонлар ортига яширинган. Видеоларда мигрантлар полициячиларга дубинкалар улоқтиргани, айримлар узун ходалар билан тўсиқни ёриб ўтишга уринганини кўриш мумкин. 

Беларусь мухолифатчилари канали чегарада олинган видеоёзувни тарқатди, унда беларуслик экани айтилган шахс «мигрантларга келгусида қандай ҳаракатланиш бўйича маслаҳат бераётгани» акс этган.

Польшалик ҳарбийлар мигрантларга қарши водомётлар (сув тўплари) ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган. Беларусь ва Россия нашрлари мигрантларга қарши шовқинли ва тутунли  гранаталар қўллангани ҳақида ёзди. Видеоёзувлардан бирида чегаранинг Беларусь томонида турган мигрантлар яқинида гранаталар портлаётгани акс этган. Польша мудофаа вазирлиги эса мигрантлар шовқинли гранаталар билан қуроллангани, Беларусь махсус хизматлари уларни шундай воситалар билан таъминлагани ҳақида маълум қилган. Чегарада олинган видеолардан бирида мигрант қўлида кўриниши шовқинли гранатага ўхшаш буюм кўринган.

16 ноябрь куни мигрантлар назорат-ўтказиш пунктидан кетишган. «Sputnik Беларусь» хабарига кўра, улар аввалги лагерь жойлашган ҳудудга қайтишган. Манба маълумотига кўра, уларни Беларусь чегарачилари олиб кетган - улар қочқинларга «дам олиш ва исиниб олиш»ни таклиф қилган.

BELARUSIAN STATE BORDER COMMITTEE

Польша томони бир полициячи яралангани ҳақида хабар берди. Беларусь нашрлари эса икки журналист жабрланганини маълум қилган. Польша мудофаа вазирлиги «беларуслар илҳомлантирган одамларнинг ҳужуми натижасида полициячилардан бири жиддий жароҳатлангани» ҳақида хабар қилган — унинг бош суяги. Беларусдаги ОНТ телеканали ва «Sputnik Беларусь» агентлиги эса ўз ходимлари кўздан ёш оқизувчи газдан жабрланганини маълум қилган. Газ қўлланиши оқибатида қанча мигрант жабрлангани ҳақида маълумот йўқ. «Белта» аниқ рақамларни келтирмаган ҳолда, «кўпдан кўп қочқинлар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани» ҳақида ёзган.

LEONID SHCHEGLOV/BELTA/TASS

ЕИ қандай санкциялар қўллаши мумкин?
Европа иттифоқи ва НАТО давлатлари Беларусни 2020 йилги президентлик сайловларидан кейин инсон ҳуқуқлари бузилиши туфайли қўлланган санкцияларга жавобан чегарада қасддан миграция инқирози юзага келтиришда айблайди.

Ёз ойларида Беларусга минглаб мигрантлар кела бошлади, улар асосан Ироқ, Сурия ва Ямандан йўлга чиқиб, Беларусь ҳудуди орқали ЕИ давлатларига киришни мўлжаллаган: Польша, Литва ва Латвияга. Ғарб сиёсатчилари Беларусь ҳукумати мигрантларни уларга тўсқинликсиз Евроиттифоққа олиб ўтишни ваъда қилган ҳолда Яқин Шарқ мамлакатларидан тўплаб олиб келаётганига ишончи комил.

Аммо Беларусь ҳукумати юзага келган вазиятда қочқинларни қабул қилишни истамаётган ва Минскка адолатсиз тарзда иқтисодий ва сиёсий босимлар ўтказаётган ЕИни айблайди.

REUTERS

Душанба куни Брюсселда йиғилган ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирлари президент Александр Лукашенконинг атрофидаги шахсларга ҳамда Яқин Шарқдан Минскка мигрантларни ташиш билан шуғулланган авиакомпаниялар ва туристик компанияларга нисбатан янги чекловлар қўллаш имкониятини муҳокама қилди.

Учрашувдан олдин Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас мигрантларни Беларусга ташиган авиакомпанияларга ЕИ давлатларидаги аэропортларга қўниш тақиқланиши мумкинлигини айтди. У ЕИ арсеналида ушбу инқирозда айбдор бўлганларга қарши қўлланиши мумкин бўлган санкциялар етарлича кўп эканини қайд этган.

ЕИ босими остида бир неча авиакомпаниялар Минскка парвозларни амалга оширишни тўхтатишга рози бўлди. Ироқ ҳукумати ҳам ўз фуқароларини Беларусдан қайтариб олиб келиш учун авиарейслар ташкиллаштиришини маълум қилди. Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликлари афғонлар, сурияликлар, яманликлар ва ироқликларга ўз аэропортларидан Минскка учишини тақиқлади.

Боррель душанба куни мигрантларни олиб учувчи рейслар тўхтатилиши - муаммони ҳал этиш вариантларидан бири эканини таъкидлади. «Мигрантлар оқими масаласи ҳал қилинса вазият назорат остига қайтади», деди у.

Лукашенко: «Биз ҳимояланамиз»
Душанба куни Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат ҳукумати чегарада зиддият юзага келишини истамаслиги ҳақида гапирди.

«Биз давлатимиз чегарасида ҳеч қандай зиддият бўлишини истамаймиз. Бу биз учун мутлақо нотўғри», дея унинг сўзларини келтирди президент матбуот хизматига яқин бўлган «Пул Первого» Telegram канали. Лукашенконинг фикрича, бундай қарама-қаршилик Польшага керак. «Ички ва Европа Иттифоқи билан боғлиқ муаммолар етарлича кўп – бу оломон эса давлат чегарасида отишма бошлаяпти», деди у.

Лукашенко мамлакат ҳукумати мигрантларни уйларига қайтаришга урингани, аммо улар бунга қаршилик кўрсатишганини айтди. «Биз уларнинг барчасини самолётларга ўтқазиб, уйларига қайтаришга тайёрмиз. Аммо бу одамлар, айтиш керакки, жуда қайсар: ҳеч ким қайтишни истамаяпти», дея ундан иқтибос келтиради ТАСС.

Беларусь президенти яна бир бор инқироз қасддан уюштирилганини рад этди ва эҳтимолий санкцияларга қатъий жавоб қайтаришини ваъда қилди. «Беларусь орқали миграция оқимини ташкил этиш - ўзимизга қимматга тушади. Биз ҳеч қачон бу иш билан шуғулланмаганмиз ва шуғулланмоқчи эмасмиз. Санкциялар билан қўрқитишмоқда. Яхши, кўрамиз. Улар мени ҳазиллашади, оғзига келганини валдирайверади деб ўйлашмоқда. Бундай эмас. Биз ҳимояланамиз. Бизнинг чекинадиган жойимиз йўқ», деган Лукашенко.

Аввалроқ Лукашенко санкциялар кенгайтирилишига нисбатан Ямал—Европа газ қувурини узиб қўйиш билан таҳдид қилганди.

15-16 ноябрь кунлари рўй берган бошқа воқеалар

  • Польша чегара хизмати якшанба куни чегарадан ноқонуний ўтиш учун 118 уриниш бўлганини қайд этган.
  • Латвия Беларусь чегарасига машғулотлар ўтказиш учун 3 минг ҳарбий хизматчи йўлланганини маълум қилди.
  • Россия миграция инқирозини ҳал этишда ЕИ ва Беларусь ҳукумати ўртасида воситачилик қилишга тайёрлигини билдирди.
  • Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Америка расмийларининг миграция инқирози Украина чегарасида россиялик ҳарбийлар тўпланиши билан боғлиқ вазиятдан эътиборни чалғитиш мақсадида юзага келтирилгани ҳақидаги фаразларини рад этди. «Биз бу баёнотни нотўғри деб баҳолаймиз. Бу Беларусь-Польша чегарасидаги миграция инқирозини нотўғри трактовка қилишдир», - дея Песковнинг сўзларини келтиради ТАСС. Аммо Литва ташқи ишлар вазири Ғарб мамлакатлари бутун дунёнинг диққати Польша ва Литва чегараларига қаратилган вақтда россияликлар Украинага ҳужум қилиши эҳтимолини назардан қочирмаслигини айтиб ўтди.
  • Чегарадаги вазият туфайли Польшанинг Кужница шаҳри ва қўшни Нови-Двурдаги мактабларда ўқиш онлайн режимга ўтказилди.
Top