19:35 / 17.11.2021
24719

Халқнинг ҳақидан қўрқмайдиган Халқ банки: Ургутда бир нечта оила бола пули “олаётганини” билмаган

Халқ банкининг Самарқанд вилояти Ургут филиалида айрим фуқаролар номига нафақа учун пластик карталар очилган, аммо бундан шу фуқароларнинг ўзлари бехабар бўлган. Картага тушган пуллар ишлатиб юборилган.

Воқеадан Kun.uz хабар топмаганида бу ноҳақлик ва муҳтожлар ҳақига хиёнат билан боғлиқ ҳолат ёпиқлигича қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Биз ҳолатни ўрганиш мақсадида мазкур туманда бўлиб, журналистик суриштирув олиб бордик.

Қорабулоқ маҳалласи Илонли қишлоғида яшовчи Дилшода Тиллаеванинг уч нафар фарзанди бор. Тиллаеванинг айтишича, ўзи патронаж ҳамшира бўлиб ишлайди ва 800 минг сўм атрофида ойлик олади. Турмуш ўртоғининг маоши ҳам 1,5 млн сўм атрофида. У сўнгги йилларда бирор марта ҳам давлат томонидан нафақа олмаган.

Қорабулоқ маҳалласида яшовчи Ирода Назарованинг ҳам уч нафар фарзанди бор. Ўзи ҳам, турмуш ўртоғи ҳам доимий даромадга эга эмас. Шу сабабли турмуш ўртоғи яқинда Россияга иш излаб кетганини маълум қилди. Давлатдан нафақа олмайди.

Туманнинг Юқори Тегана маҳалласида яшовчи яна бир оила ўзлари билан ҳам худди шундай ҳолат бўлгани, бироқ айнан нафақа пулини етказиб берувчи банк ходими ўзларига таниш бўлгани учун юзинг-кўзинг қилиб, даъволаридан воз кечиб қўя қолишганини айтишди.

Тасаввур қилинг, ўзларининг юзига оёқ қўйган, ҳақини бермаган одамдан ҳам андиша қиладиганлар бор. Бу ҳолатда ким кимдан андиша қилиши керак эди?

Бу фуқароларнинг айримлари нафақа учун ҳужжат топширган ва ариза рад қилинди, деган жавоб олишган. Аслида эса уларнинг ҳужжати тасдиқланган, нафақа тайинланган бўлган.

Ушбу фуқароларнинг ҳеч қандай нафақа пули олмаганига ишонч ҳосил қилганимиздан сўнг, Ургут тумани молия бўлимида бўлдик. Бу ерда юқорида номлари қайд этилган фуқаролар, шунингдек, Қуйи Тегана маҳалласида яшовчи Озода Раҳмонова номига ҳам 2019-2020 йилларда нафақа тайинлангани аниқ бўлди.

Туман молия бўлими масъул ходими Умиджон Раҳматуллаев тақдим қилган маълумотларга кўра, Қорабулоқ маҳалласида яшовчи Дилшода Тиллаева ва Ирода Назаровага 14 ёшгача болали оилаларга бериладиган нафақа тайинланган. Бу оналар олти ой давомида ҳар ой фақат қоғозда 354 минг сўмдан нафақа олиб келишган.

Қуйи теганалик Озода Раҳмоновага эса 2019-2020 йилларда, жами 12 ой давомида боласи икки ёшга тўлгунга қадар ойига 484 минг сўмдан бола парвариши учун тўланадиган нафақа ёзилган.

Қисқа қилиб айтганда, фуқаро нафақа пулини олмаганман деяпти, молия бўлими бу оилалар учун нафақа тайинланганини тасдиқлаб турибди.

Масаланинг давоми яна ҳам қизиқ тус олди. Биз молия бўлимига борганимиздан кейинги кун – 14 ноябр, якшанбада банк ходимлари Ирода Назарова ва Озода Раҳмонованинг уйига борган. Назаровага тўланмаган ойлар нафақасини тўлаб бериш, эвазига Kun.uz'га берган интервюсидан тониш таклиф қилинган. Раҳмонованинг оиласига эса келгусида ҳам шундай нафақа тайинланишида кўмаклашиш ваъда қилинган.

Биз Халқ банки Ургут филиали бошқарувчиси Қосим Облоқулов билан суҳбатлашдик.

“Ҳар бир маҳалла бўйича кассирлар бириктирганмиз. Ҳолат ўтган йили кузатилган бўлса, ўша вақтдаги ҳудудий кассирларимизнинг қўлига пластик карталарни буйруқ орқали берганмиз. Юқоридаги ҳолат ҳақиқатан ҳам қайсидир банк ходимининг айби билан содир этилган бўлса, уларга нисбатан қатъий чора кўрамиз. Бизга ходимларимизнинг айби аниқ кўриниб турибди. Шу ва бошқа ҳолатларга ҳам аниқлик киритиб, фуқаролар билан боғланамиз.

Банк ходимлари айби билан берилмаган маблағни ўз эгаларига етказиб, ҳолат бўйича яна қўшимча маълумот тақдим қиламиз”, – деди Облоқулов.

Шу ўринда яна бир жиҳат эътиборимизни тортди: Банк филиали орқали фуқароларга пластик карталарнинг етказиб берилиш тартиби ҳам шубҳали. Масалан, 2020 йилда минглаб фуқароларнинг пластик карталари мижознинг исм-фамилияси бўлмаган ҳолатда тарқатилган.

Айтайлик, Мўминобод маҳалласига 75 та, Терак маҳалласига 42 та, Чумчуқли маҳалласига 15 та пластик картани етказиб бериш банк ходими Қаҳрамоновга юклатилган. Ушбу дафтарда банк ходимининггина имзоси бор, холос. На мижознинг фамилияси, на имзосига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Бу чалкашлик юқоридаги каби коррупцион ҳолатларга бемалол имконият яратиб беради, албатта.

Облоқуловнинг қўшимча қилишича, фуқароларнинг пластик карталарига тушириб берилган маблағни ўзлаштириб юборгани учун 2020 йилнинг бошларида банкнинг икки нафар ходимига чора кўрилган, маблағлар қайтариб берилган. Ўша икки ходим айни вақтда ишдан бўшатилган.

Хулоса қилиш мумкинки, Халқ банкининг Ургут филиалида бундай ҳолат биринчи марта кузатилмаяпти. Бир муддат аввал икки нафар ходим чора олгани айтилаётган бўлса-да, бу ёмон «анъана», халқнинг ҳақидан қўрқмайдиганлар Халқ банкида ҳамон бор. Ва энг ёмони, улар фуқароларнинг олдига бориб, арзингни қайтиб ол, пулингни бераман, дейишдан уялишмайди ҳам. Ваҳоланки, ўша пулга муҳтож бўлиб турган, турмуш ўртоғини хорижга, бошқа вилоятга ишлаш учун жўнатишга мажбур бўлаётган ёш оналар банкирларнинг қилмишини айтишни ўзига эп кўрмаяпти.

Гувоҳи бўлганларимиз тасодифан ошкор бўлиб қолган маълумот, холос. Республикада юзлаб банк филиаллари борлиги ва уларда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига давлат бюджетидан нафақа тарқатаётганини инобатга оладиган бўлсак, маълум бўлмаганлари қанча?

Ҳолат бўйича тизимга масъул ташкилотлар, шунингдек, прокуратурадан ҳам тегишли чоралар кўрилишини кутиб қоламиз. Мавзуга яна қайтамиз.

Исомиддин Пўлатов,

Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси –

Фахриддин Ҳотамов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top