10:10 / 20.11.2021
8818

ДХХ Сурхондарёда 115 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар ноқонуний муомаласига чек қўйди

Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги наркотиклар мусодара қилинди. 

1982 йилда туғилган фуқаро 28 кг 895 гр. “опий” ҳамда 2 кг “гашиш” моддаларини, шунингдек, бошқа бир ҳолатда муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганликлари учун судланган, 1962 ва 1970 йилларда туғилган ака-ука 9 кг 161 гр. “опий” ва 446 гр. “героин” моддаларини келгусида сотиш мақсадида қабул қилиб олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳар икки ҳолатда ҳам гиёҳванд моддалар афғонистонлик наркокурьерлар томонидан мамлакат ҳудудига олиб ўтилган.

Сариосиёда кузатилган ҳолатда тожикистонлик наркокурьерлар томонидан туманнинг тоғли ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойга беркитиб кетилган 28 кг 506 гр. “опий” моддасини қабул қилиб олган, 1990 йилда туғилган фуқаро ушланди.

ДХХ ходимларининг Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳрида ўтказган тезкор тадбирида эса 1969, 1970 ва 1990 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро 481 гр. “опий” моддасини 9400 АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди.

ДХХ, ИИВ ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Термиз тумани “Мангузар” ЙПХ масканидан ўтиб, вилоят маркази томон ҳаракатланаётган “Спарк” русумли автомашина тўхтатилган. Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Душанбе шаҳрида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган Тожикистон фуқароси ва Денов туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқарога тегишли юк сумкаларида Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 45 кг 913 гр. “гашиш” борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. 

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 67 кг 43 гр. “опий”, 47 кг 913 гр. “гашиш” ҳамда 446 гр. “героин” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top