20:40 / 22.11.2021
7728

Россиялик муфтий жиноятчиларнинг миллати ва динини кўрсатган ОАВни жавобгарликка тортишни таклиф қилди

Кргановнинг таъкидлашича, бу мамлакатда миллий негиздаги низоларнинг вужудга келиш хавфини пасайтириш ва маиший исломофобия пайдо бўлишини камайтиришга ёрдам беради.

Фото: Wikipedia

Жиноятчиларнинг этник-диний тарафига урғу берадиган оммавий ахборот воситалари маълум бир ижтимоий гуруҳларга нисбатан салбий муносабатни шакллантиради, деди Россия мусулмонлари диний йиғини раҳбари муфтий Альбир Крганов ОАВда жиноятчиларнинг миллатини кўрсатишни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳасига изоҳ бераркан.

Унинг сўзларига кўра, бундай ОАВ жавобгарликка тортилиши лозим.

«Ушбу қонун лойиҳасига бундай маълумотлар чоп этилган хабарлар ва ресурсларни зудлик билан блоклаш талабини ҳам киритиш керак», — деди у.

Кргановнинг таъкидлашича, бундай чоралар мамлакатда миллий негиздаги низоларнинг вужудга келиш хавфини пасайтириш ва маиший исломофобия пайдо бўлишини камайтиришга ёрдам беради.

«Жиноятчининг миллати ва дини бўлмайди, у жиноятни дин ёки бутун бир миллат номидан қилмайди, шунинг учун ОАВда атайлабдан маълум бир дин ёки этник гуруҳга урғу берилиши салбий оқибатларга олиб келади ва экстремистларни илҳомлантиради», — деди у.

Аввалроқ давлат думасига ОАВда жиноятчиларнинг миллатини кўрсатишни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилганди. Лойиҳа муаллифларининг фикрича, бу ташаббус Россия ҳудудида «миллатлараро ва динлараро тотувликни сақлаб қолиш зарурати» билан боғлиқ.

Top