07:47 / 23.11.2021
4545

Ўзбекистонда табиий офатлар ҳар йили ўртача 3 млрд долларга яқин зарар етказиши маълум қилинди

Ўзбекистонда табиий офатлар ҳар йили ўртача 1,4 млн кишига таъсир ўтказиб, 3 млрд долларга яқин зарар етказиши маълум қилинди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Жаҳон банки ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази билан биргаликда ўтказилган «Табиий офатларга жавоб чораларини кучайтириш орқали иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш» мавзусидаги давра суҳбатида айтилди.

Фото: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар йили табиий офатлар ўртача 1,4 миллион кишига таъсир ўтказган ҳолда, 3 миллиард долларга яқин зарар етказади. Прогнозларга кўра, иқлим ўзгариши табиий офатлар, айниқса қурғоқчилик, сув тошқинлари ва кўчкилар хавфини оширади. Ҳисоб-китобларга кўра, йирик сув тошқини мамлакат ЯИМнинг тахминан 5 фоизига зарар етказиши мумкин ва кучли қурғоқчилик ҳам худди шундай жиддий иқтисодий таъсирга эга бўлади.

Давра суҳбати иштирокчилари хавфлар таъсирини камайтириш, жисмоний таъсирларни юмшатиш ҳамда одамлар ва давлат молиясини табиий офатларнинг энг ёмон таъсиридан ҳимоя қилиш учун давлат инвестициялари ва институционал ислоҳотларнинг комплекс дастури орқали табиий офатлар ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш имкониятлари ва истиқболларини ўрганди.

«Умуман олганда, табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш хавф-хатарларга дучор бўлишни камайтириш, жисмоний таъсирларни юмшатиш ҳамда одамлар ва давлат молиясини табиий офатларнинг энг ёмон таъсиридан ҳимоя қилиш учун комплекс инвестициялар дастури ва институционал ислоҳотларни талаб қилади», деди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Яшил технологияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қориев.

«Ўзгидромет»нинг лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш бўлими бошлиғи Наталя Агалцеванинг билдиришича, иқлим сценарийларини ва келажакдаги ўзгаришларнинг иқлим прогнозларини тузадиган моделларининг прогнозлари у мамлакатда қандай ривожланиши ҳамда иқлим ўзгаришини юмшатиш учун бажарилган ишларга боғланган ҳолда келгуси асрда вазиятга қараб ҳарорат яна 1,5 ва 3 даражага кўтарилиши мумкинлигини кўрсатади.

Top