14:41 / 25.11.2021
5798

Нукусда талаба ис газидан заҳарланиб вафот этиши юзасидан прокуратура расмий маълумот берди

Фото: Getty Images

Кеча Қорақалпоғистонда талаба ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар бергандик. Бугун ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон прокуратураси расмий маълумот берди.

Маълум бўлишича, 24 ноябрь куни соат 07:00 ларда Нукус шаҳри, 22-кичик туман 8/6-уй, 43-хонадонда ижарада яшовчи, Нукус давлат педагогика институтининг талабаси Р.Р. (эркак) хонадонда ўрнатилган иситиш қозонидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан марҳум Р.Р.га нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Нукус шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текшириш давомида аниқланишича, мазкур уйда шу куни марҳум Р.Р.дан ташқари 6 нафар киши бўлиб, марҳум Р.Р. ошхонада, қолган 6 нафари бошқа хоналарда ухлаганлиги сабабли улардан ҳеч бири ис газидан заҳарланмаган.

Қўшимча қилинишича, текшириш ҳаракатлари Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Маълумот учун, вафот этган талаба 2003 йил Тўрткўл туманида туғилган. У институтнинг физика-математика факультетида таҳсил оларди.

Бундан олдин Қорақалпоғистонда бир йилда 19 нафар одам ис газидан заҳарланиб, ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Top