14:54 / 26.11.2021
11631

Статистика ва рақобатчилар ҳам у тарафда. Левандовски «Олтин тўп»ни ютишига нима тўсқинлик қилиши мумкин?

Фото: Getty Images

29 ноябрь куни «France Football» нашри томонидан таъсис этилган «Олтин тўп» — йилнинг энг яхши футболчисини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. 2021 йил футбол оламида катта мусобақаларга бой ўтди ва жорий йилги «Олтин тўп» масаласи сўнгги йиллардаги энг баҳсли совринга айланмоқда. Tribuna.uz йилнинг энг яхшиси бўлишга номзод футболчилар орасидан энг муносибларини нега «Олтин тўп»ни олиши, нега олмаслиги кераклигини чамалаб кўради. «Бавария» етакчиси Роберт Левандовскининг 2021 йилдаги натижаларини энг биринчи бўлиб ҳисоблаб чиқамиз. Хўш, қайси факторлар Левандовскининг плюс, қайсилари минус бўлиб хизмат қилади? Бошладик!

Плюс: Статистика бўйича энг зўри

«Олтин тўп»га номзод 10та футболчи орасида энг яхши статистика айнан 33 ёшли Левандовскида бўлиб турибди. 2021 йил бошидан буён польшалик страйкер 48та гол уришга эришди. Бу Роберт майдонда бўлган ҳар 62 дақиқада гол уришга муваффақ бўлган, демакдир. Голлар сони бўйича Эрлинг Ҳоланд унга энг яқин таъқибчи, лекин у ҳам «Бавария» етакчисидан 17та голга орқада. «Олтин тўп» персонал кўрсаткичлари энг яхши футболчига берилиши керак бўлса, у ҳолда Левандовскига насиб этиши керак. 2020/2021 йилги мавсумда Лева Герд Мюллернинг Бундеслигада бир мавсумда урилган голлар бўйича рекордини (40та) янгилади. У 41-голини сўнгги тур доирасида «Аугсбург»га қарши кечган учрашувнинг 90-дақиқасида киритди.

Минус: Чемпионлар Лигаси ва Евро-2020даги муваффақиятсизлик

«Олтин тўп» — индивидуал соврин ва барчамиз унда шахсий кўрсаткичлар асосий ролни ўйнаши кераклигини биламиз. Лекин шу билан бирга, ҳаммамиз голларни қалаштириб уриб ташлаш йилнинг энг яхшиси унвонини қўлга киритиш учун етмаслигини ҳам яхши тушунамиз.

Левандовски жорий мавсумда Бундеслигада зафар қучди. Лекин «Бавария» 9 йилдан бери бу турнирда ғалаба қозонади. Роберт бўлмаган пайтларда ҳам Бундеслигани ютишни уддалаган. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Европа клублари орасида сўнгги бор мағлуб бўлган клуб 2012 йилги Чемпионлар Лигаси ғолиби «Челси», холос. Европа ва қолган қитъалар клублари ўртасида катта тафовут борлиги ҳеч кимга сир эмас. Мюнхенликлар Германия Кубогини ўта кулгили тарзда тарк этишди. Жамоа 1/16 финалда Иккинчи Бундеслига вакили «Хольштайн»га мағлуб бўлиб, мамлакат кубогидаги юришини тўхтатди.

Левандовски Еврода гуруҳдан чиқа олмаган, Чемпионлар Лигасида чоракфиналдан ўта олмаган бир пайтда, унинг бевосита рақобатчилари Жоржиньо, Месси ва Бензема катта титулларни қўлга киритди.

Фото: Getty Images

Плюс: Рақобатчилари унинг энг яхши бўлганини айтишмоқда

Левандовскини 2021 йилнинг энг яхши футболчиси сифатида нафақат мутахассислар ёки мухлислар, балки унинг бевосита рақобатчилари ҳам айтмоқда.

«Мендан бу борадаги фикримни сўрасангиз, сўнгги икки йиллик натижаларга эътибор қаратишни маъқул кўраман. Сўнгги икки йилда Левандовски ҳақиқий «гол машинаси»дек кўринди ва бу давр оралиғида унга тенг келадиган футболчини кўрмаяпман.

Испаниялик собиқ футболчи Луис Суарес эса: «Левандовскига «Олтин тўп»ни беринг. Акс ҳолда, ўзимнинг «Олтин тўп»имни унга бераман», - деб айтди.

Бевосита рақобатчиси Лионель Месси ҳам уни 2021 йилги «Олтин тўп» учун ўз фаворитлари қаторида кўришини бир неча бор айтиб ўтди.

Минус: Месси Аргентина билан орзусига етди 

Бошқа исталган мавсумда бу қадар муваффақиятли ҳаракат қилган футболчига «Олтин тўп» тақдим этишда баҳс-мунозарага бунчалик берилмаган бўлардик. Левандовски жуда кўп кўрсаткичлар бўйича йилнинг энг яхшиси бўлишга муносиб. Лекин бу йўлда жуда катта бир ғов бор.

Робертнинг асосий рақобатчиси Лионель Месси Аргентина билан Америка Кубогини ютди. У ушбу титулни шунчаки ютмади, балки жамоасини ғалаба томон бир ўзи етаклаб борди. Турнирнинг энг яхши тўпурари ва энг яхши футболчиси бўлган Месси Аргентина миллий жамоасининг 28 йиллик катта совринларсиз ўтаётган омадсиз даврига нуқта қўйди. У «альбиселеста» билан биринчи маротаба кубок қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Ҳа, Лео Левадан умумий ҳисобда 19та голга ортда қолмоқда. Лекин у ич-ичидан дарз кетаётган «Барса»ни Испания Кубоги ғолиблигигача етаклаб бора олди. Тан олиш керакки, ўтган мавсумдаги «Барселона» Мессисиз бу совринга эга чиқолмасди ва мавсумни ҳеч вақосиз тугатарди. Бундан ташқари, Месси ва Левандовски бошқа-бошқа типдаги футболчилар саналади. Аргентиналикда ассистлар сони, яратилган хавфли вазиятлар ва ҳужумни ташкил этиш фазасидаги фойдали ўйин факторлари ҳам бор.

Бундан ташқари, Бундеслигада урилган голлар қиймати Ла Лига, АПЛ ёки А Серияники билан бир хил эмас. Бир неча йил аввал ҳам Германия чемпионати вакиллари «Олтин бутса» учун курашда ҳар бир урган голи учун 1,5 баллдан олишар эди. Ҳозир улар ҳам қолган кучли лига футболчилари каби 2 баллдан жамғариб боришмоқда.

Хулоса

Европанинг бир қатор нашрлари «France Football» 29 ноябр санасида иккита «Олтин тўп» топшириши ҳақида ёзишди. Лекин бу маълумот тўлиқ тасдиқланмади. Агар 2020 йил учун Робертга «Олтин тўп» берилмаса, бу йилнинг энг яхши футболчиси унвонини унга берган маъқулроқдек. Шусиз ҳам, польшалик форвард ушбу совринга ҳақли. Лекин Робертнинг кўрсаткичларини «Олтин тўп» учун етарли деб билмайдиганлар ҳеч бўлмаса адолатни тиклаш учун ҳам унга совринни беришлари керакдек.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Top