17:31 / 02.12.2021
20942

«Маҳсулотларимиз хорижда ҳам машҳур» – Ургутда маҳаллий хурмони қандай қуритишмоқда?

Ургут деганда кўпчиликнинг кўз ўнгига халқи тадбиркор ва ишбилармон бўлган ҳудуд келади. Ургутлик тадбиркорлар саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бирга қуруқ мева тайёрлашда ҳам устаси фаранг бўлиб кетишган. Сўнгги йилларда улар маҳаллий хурмони қуритиш ишларини ҳам йўлга қўйишди.

Бугун Самарқанд вилоятидаги Ургут туманида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар нафақат ўз музофотида етиштирилаётган, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида пишиб етиладиган меваларни ҳам олиб келиб қуритмоқда. Сўнг уларни қайта ишлаб хориж давлатларига экспортга чиқармоқда.

Ана шундай тадбиркорлардан бири туманнинг Жайратепа маҳалласида яшовчи Азамат Қурбонов ҳисобланади. Қаҳрамонимиз яқинда иш бошлаган ёш тадбиркорлардан. Уни ўзбекистонликлар учун ҳали унча оммалашмаган маҳаллий хурмони қуритиш жараёнида учратдик.

Тадбиркорнинг айтишича, дарахтдан узилган хурмо аввал ювилади. Сўнг пўсти яхшилаб арчилади ва бандидан ипга боғлаб шамол тегадиган жойга илиб қўйилади. Ҳосилни дарахтдан териш пайтида банди узилиб кетган мевалар симтўр устига териб қуритилади. Агар майин шамол яхши эсиб турса ва ёғингарчилик бўлмаса, хурмо меваси 15 кунда, акс ҳолда узоғи билан 1 ойда қурийди.

«Маҳаллий хурмонинг қуритилганини илк марта бундан 15 йил аввал Тошкент бозорларидан бирида кўргандим. Ўшанда сотувчи у Москвадан келтирилганини ва маҳсулот Тожикистонники эканини айтганди. Ўшанда қуритилган хурмодан еб кўрганимда жуда ширин эди. Шундан сўнг уйга келиб ҳовлимиздаги хурмо дарахти мевасидан олиб, ипга боғлаб илиб қўйдим. Анча кунлар ўтди, аммо негадир хурмолар қуримади.

Бироз вақт ўтиб қарасам ипда фақат хурмо бандлари қолган, меваларнинг ўзи эса ерга тўкилган ҳолда ётарди. Ўшанда нега бунақа бўлганини тушунмадим. «Буни қуритишнинг бир сири бор экан-да», деб ўйладим ва бу ишга ортиқ қизиқмадим.

Орадан йиллар ўтиб хурмо қандай қуритилишини билиб олдим. Бу мева фақат устидаги қалин пўстлоғи арчиб олинсагина қуриркан. Акс ҳолда ичи юмшоқ бўлиб тураверар, кейинроқ эса қўл ҳам теккизиб бўлмайдиган даражага келиб қолар экан. Шу тариқа хурмони қуритишни бошладик», дейди Азамат Қурбонов.

Азамат Қурбонов аввал ўз ҳовлисидаги хурмо меваларини қуритган. Сўнг маҳаллий бозордан, қўни-қўшнилардан сотиб олиб, ундан кейин хурмо кўп етиштириладиган вилоят – Сурхондарёдан олиб келиб қурита бошлаган.

Тадбиркорнинг билдиришича, харидорлар хурмонинг ранги очиқроқ бўлиб қуриганини кўпроқ хоҳлайди. Агар ранги қизариб кетса унинг нархи арзонроқ баҳоланади. Харидорнинг хоҳиши бўйича хурмоқоқи рангига қараб сараланади. Сариқ рангдагилари алоҳида, қизилроқ бўлиб қурилганлари алоҳида қадоқланади. Хурмо яхши қуриса уч-тўрт килограмм мевадан бир килограмм қоқи чиқади.

«Биз йил давомида асосан қовунқоқи ва қурут тайёрлаймиз. Кузга келиб икки ой у ишларни тўхтатиб турамиз ва хурмо қуритишни бошлаймиз. Қовунқоқи ва қурутни йилнинг исталган пайтида қайта ишлаб тайёрлайверса бўлади. Аммо хурмо ҳақида бундай деб бўлмайди. Уни пишгандан сўнг дарҳол қуритиш учун илиш керак. Деҳқонлар хурмо мевасини дарахтдан узганидан кейин уни узоқ сақлашмайди, ҳосил дарров бозорга чиқарилади. Ана шу пайтда биз уни олиб қуритиб улгуришимиз керак. Агар вақтни бироз ўтказиб юборсак, дарахтидан узилган хурмо юмшаб қолади ва уни қуритиб бўлмайди. Амаллаб қуритилган тақдирда ҳам у сифатли чиқмайди», дейди Азамат.

Суҳбатдошимизга кўра, хурмо қуритиш анча маблағ талаб қиладиган иш. Уни Сурхондарёдан сотиб олиб келтириш, сўнг пўстини арчиш, ипга боғлаб илиш – буларнинг ҳаммаси қўлда бажарилади ва анча маблағ сарфланади. Шундай бўлса ҳам хурмо қуритиш барибир фойдали иш.

15 сентябрда қуритишга илинганлари аллақачон қуриб, сотилиб ҳам кетибди. Ҳозир 15-20 кун аввал илинганлари қуриган ва уларни йиғиб қадоқлашяпти. Ҳозирги кунда қуритилган хурмонинг нархи 30-35 минг сўм сотилмоқда.

Азаматнинг таъкидлашича, хурмо дарахти анча кеч гуллайди. Шу сабабли унга баҳорги совуқ таъсир қилмайди. Бунинг устига хурмо дарахти кўп жойни эгалламайди ва анча серҳосил бўлади. Бир туп хурмо дарахти ўртача 100-150 килограмм ҳосил қилади. Хурмони қуритиш оммалашмагани учун ҳосилнинг катта қисми қишга бориб исроф бўлиб кетяпти. Агар Ўзбекистонда етиштириладиган хурмонинг кўпроқ қисми қуритилса ва экспортга чиқарилса бу мамлакатга яхшигина валюта тушуми келтиради.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги бозорлар ва савдо дўконларида хурмоқоқи анча-мунчада топилмайди. Қуритилган хурмога хорижда талаб жуда юқори. Шу сабабли Ўзбекистонда етиштириладиган хурмоқоқининг барчаси Россия, Украина ва Қозоғистонга экспорт қилинади.

Маълумот учун, хурмо таркибида А ва С витаминлари, қанд, протеин, темир тузлари ва оқсил моддалари кўп бўлиб, у шифобахш мева ҳисобланади. Дунёда ушбу меванинг 500 га яқин тури учрайди у асосан тропик ва субтропик ҳудудларда тарқалган. Жумладан, Хитой, Япония, Марказий Осиё ва Кавказда, шунингдек, Ўрта Ер денгизи бўйларидаги мамлакатларида кўп учрайди. Ўзбекистонда етиштириладиган хурмонинг ватани Хитой ҳисобланади. Сўнгги йилларда ушбу мевани қуритиш ҳам оммалашмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Top