20:48 / 03.12.2021
6906

Муаммар Қаззофийнинг ўғлига президент сайловларида иштирок этишга рухсат берилди

Фото: AP Photo / Ben Curtis, File

Ливия суди мамлакатнинг собиқ етакчиси, 10 йил аввал жангарилар томонидан ўлдирилган Муаммар Қаззофийнинг ўғли Саиф ал Ислом Қаззофийни президент лавозимига номзодлар рўйхатига қайтаришга қарор қилди.

Сабҳа вилояти суди ўтмишда намойишчиларга қарши куч қўллагани учун сайловларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилган Саиф Қаззофий фойдасига қарор чиқарди.

Қаззофий Twitter’да ўз шахсий хавфсизликларини хатар остига қўйиб, бундай қарор чиқарганлари учун судьяларга миннатдорлик билдирган. Қаззофийнинг адвокати унинг номзодлик ҳуқуқи тикланишини “адолат ва халқ истаги ғалабаси” деб атаган.

Бу орада ливиялик таҳлилчи Имодиддин Бадий судьяларнинг ушбу қарори янада кўпроқ саволлар туғдиришини айтган.

“Сайлов жараёни Ливия суд тизимига ва инқироздан чиқиш йўли сифатида сайловларга бўлган ишончни йўққа чиқармоқда”, деб таъкидлаб ўтган Бадий.

Саиф ал-Ислом ўз отасининг энг содиқ сафдошларидан бири бўлган. У 2017 йил июлгача панжара ортида қолган. Қаззофий президент сайловларида иштирок этиш учун 14 ноябрда ҳужжатларни расмийлаштирган.

Top