16:04 / 09.12.2021
2686

Самарқанддаги “Юқори нуқта” мунтазам ЙПХ масканида текширилган йўловчи қидирувдаги шахс бўлиб чиқди

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилоятида жойлашган “Юқори нуқта” мунтазам ЙПХ масканида Самарқанд–Тошкент йўналишида кетаётган машина тўхтатилиб текширилганда, йўловчилар орасида қидирувдаги шахс борлиги аниқланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, М39 Олмаота–Тошкент–Термиз халқаро автомобил йўлининг Булунғур тумани ҳудудида жойлашган “Юқори нуқта” мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ходимлари томонидан қидирувдаги шахс ушланган.

ЙҲХБ ходимлари томонидан Самарқанд–Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб бораётган Yutong русумли машина тўхтатилиб текширилган. Текширув давомида йўловчилар орасида бир нечта ўғрилик ва босқинчилик жиноятларини содир этиб, ҳуқуқ тартибот органларидан яшириниб юрган, қидирувда бўлган, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро Х.Ф. борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур шахс қўлга олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Top