20:44 / 10.12.2021
8367

«Навбаҳор» Канчельскис ва Беленков билан боғлиқ масала ижобий ҳал этилганини эълон қилди 

Наманганнинг «Навбаҳор» клуби россиялик мураббийлар Андрей Канчельскис ва Алексей Беленков билан боғлиқ муаммоларга ечим топилганини эълон қилди.

Фото: Tribuna.uz

«Навбаҳор» ПФК ҳамда россиялик мураббийлар - Алексей Беленков ва Андрей Канчельскис билан боғлиқ масала ижобий якун топди. Ҳар икки томон – яъни, клуб ва мураббийлар ўзаро келишувга асосан, бир-бирига нисбатан ҳеч қандай даъволари йўқлигини билдиришди. Бу борада яна батафсил маълумот берилади», - дея ёзади клуб матбуот хизмати.

Андрей Канчельскис ва Алексей Беленков 2019-2020 йилги мавсумда «Навбаҳор» мураббийлар штабида фаолият олиб бориб, шартномани бекор қилган ҳолда жамоани тарк этганди. 

Шундан сўнг, ФИФА Наманганнинг «Навбаҳор» клубига россиялик мутахассис Алексей Беленковга 520 минг АҚШ доллари миқдорида, Андрей Канчельскис фойдасига эса 1,6 миллион евро товон пули тўлаш мажбуриятини юклаганди. Оқибатда ушбу қарздорлик сабабли Наманган клуби ОФК лицензиясини ололмаганди. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Андрей Канчельскис 1,6 миллион евро товон пули масаласида унга таҳдид бўлгани, ушбу маблағ ўрнига 80 минг еврога рози бўлмаса унга тан жароҳати етказишлари ҳақида номаълум кимсалар томонидан таҳдид қилингани айтилганди.

Top